Мақолалар

Болангизга эътибор берасизми?

Аллоҳ таоло инсонга ато этган катта неъматлардан бири – фарзанд неъматидир. ҳар бир неъматнинг шукри вожиб бўлганидек, бу фарзанд неъматининг ҳам шукри вожибдир. Бу неъматнинг шукри – Аллоҳ таолога тил билан шукр қилиш ва ўша фарзандни солиҳ, баркамол инсон этиб тарбия қилишдир.

Ҳаммамиз эрта тонгдан ишга, ўқишга йўл оламиз. Кечқурун ишдан чарчаб келамиз. Овқатланамиз, дам оламиз. Кунимиз шу тарзда ўтади. Афсуски, фарзандимизнинг ўқиши, аҳволи билан қизиқмаймиз ёки қизиқишга вақтимиз етмайди. Баъзан бу нарса эсимизга ҳам келмайди. Аммо қиёмат куни ўзимиз учун ҳам, фарзандларимиз, қўл остидагиларимиз учун ҳам жавоб беришимизни унутмайлик!

 

  وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ: الإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ فِي بَيْتِ زَوجِهَا وَمَسْؤُولَةًّ عَنْ رَعِيَّتِهَا، وَالخَادِمُ رَاعٍ فِي مَالِ سَيِّدِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَكُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг мол-мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир», деяётганларини эшитдим». Муттафақун алайҳ.

Ушбу муборак ҳадисга кўра, ҳар бир инсон бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қўл остидагилари учун масъулдир.

Боламиз бугун мактабдан янги бир вазифа билан уйга келди. Роса уриняптию аммо ўша вазифани бажаришга қийналяпти. Охири бизнинг олдимизга келиб, “Дадажон, мана шу мисолнинг жавобини ечолмаяпман. Қарашиб юборинг, ўргатиб қўйинг” дейди.

Шунда биз нима деймиз?

“Бор, онангга айт, мен чарчаганман, бошимни қотирма” деймиз. Аммо телевизор кўришга, сериал ва киноларни томоша қилишга чарчамаймиз, бошимиз қотмайди. Аммо ўзимизнинг муҳим вазифамиз ва масъулиятимиз бўлган фарзандимизнинг тарбиясига, ўқишига бепарвомиз.

“Дадажон, бугун мактабда ота-оналар мажлиси бўлар экан. Илтимос, бориб келинг” деса, “Нималар деяпсан?! Қанақа мажлис?! Мажлис-пажлисга вақтим йўқ. Ана, онанг бориб келсин!” деймиз.

Шу каби мажлисларга бориб, боламизнинг ўқитувчилари, мураббийлари билан гаплашиб, улардан боламиз қандай ўқиётгани, нималарни ўзлаштираётгани, нималарда оқсаётгани, қандай ёрдам кераклиги ҳақида сўраш эсимизга ҳам келмайди. Ахир боламизнинг нима ўқиётгани, қандай ўзлаштираётгани биз учун қизиқмасми?! Шунчаки ҳамма қатори мактабга бориб келса бўлдими?! Келажакда қандай инсон бўлишининг бизга қизиғи йўқми?!

Баъзи оталар борки, ҳар куни фарзандларининг бугун нима дарс ўтганини, нималарни ўрганганини сўрайди. Уларни қийнаган масалада ёрдамлашади. Доим уларнинг тарбияси, ўқишини назорат қилиб боришади.

Ўғилларимиз кимлар билан дўст бўляпти, кимлар билан нималарни гаплашяпти, ёмон одатларга, ичиш, чекиш каби иллатларга ўрганмаяптими, телефонида нималарни сақлаб, қандай видеоролик ва фотоларни кўриб юрибди, мана буларни назорат қилиш, сўраб-суриштириш, доим шу нарсаларга қизиқиб, масъулиятни ҳис қилишимиз бизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир.

Эртага ўғлимиз ёки қизимиз бирор ножўя иш қилса, “Нега ўғлим бундай қилди экан?”, “Нима учун қизим бундай бўлиб ўсди экан?” дея зорланамиз. Ваҳоланки, бир пайтлари ёмон ўртоқлари ва ахлоқсиз дугоналари билан юрганини билиб турсак ҳам индамадик ёки бу ҳақида суриштирмадик. Энди бошимизни чангаллаб ўтирибмиз.

Азизлар, фарзанд бизга берилган неъмат бўлиши билан бирга омонат ҳам эканини эсимиздан чиқармайлик! Фарзандининг тарбияси, ўқиши, юриш-туриши ҳақида қизиқмаган ота-она ушбу омонатга хиёнат қилган ҳисобланади. Хиёнат эса ҳадисларда мунофиқликнинг аломатларидан бири дейилган.

Аллоҳ таоло барчамизни фарзандларни тарбия қилишда масъулиятли ва жонкуяр ота-оналар бўлишимизни, улар бу дунёда бизга кўз қувончи бўлишини ва охиратда бошимизга иззат тожини, эгнимизга каромат сарпосини кийдиришини насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3155 times

Мақолалар

Top