Мақолалар

Номаълум махлуқ ва  уч сигир

Шарқ халқларида бир масал бор. Ким ўқиган, кимлардир ўқимаган. Ўқиганлар орасида уқмаганлари ҳам бўлиши табиий ҳол.

Бир яйловда учта сигир эмин-эркинликда, тинч ва хотиржамликда    ҳаёт кечирар эди. Яйлов ёнида ўрмон жойлашган бўлиб, у ердаги ёввойи ҳайвонлар ҳам ўз ҳаёт тарзига кўра умргузаронлик қилишарди. Уч сигирдан бирининг ранги оқ, иккинчисиники қора, учинчисининг ранги қизил эди. Учала сигирнинг бошқалар билан иши йўқ, шунингдек, бошқаларнинг ҳам улар билан иши йўқ эди. Барча ҳайвонлар ўз ташвишлари билан овора. Уларга ҳужум қилиш, уларни овлаш на бўрининг, на шернинг хаёлига келмасди. Мободо шундай бўлган тақдирда ҳам сигирлар бирлашиб, ҳамла қилмоқчи бўлган ҳайвондан ўзларини ҳимоя қилишар эди.

Шу яйлов ёнидаги ўрмонда номаълум махлуқ пайдо бўлди. У ҳам бир неча бор сигирларга ҳужум қилиб кўрди. Аммо, фойдаси бўлмади. Аксинча яйловдагиларнинг барчаси унга қарши бирлашди. Махлуқ уларни йўқ қилиш режаси ҳақида яна бош қотирди. Ҳийлаларнинг зўрини ҳам ўйлаб топди. Оқ байроқ кўтариб чиқди. Яйловдагиларга ўз мурожаатини эълон қилди:

“– Келинглар, ҳаммамиз тинч-тотув яшаймиз, мен ўзимни сизларга таништирсам, мана шу ўрмон, яйлов, дарё ва қир-у адирларнинг хўжайини мен бўламан. Мен шундай куч-қудратга эгаманки, ҳеч ким амримга қарши чиқолмайди. Шундай экан мен сизларга ўз хизматимни таклиф қилмоқчиман. Хоҳласангиз, мен сизларни бўри, шер каби йиртқич ўрмон ҳайвонларидан ҳимоя қиламан. Шунда сизлар хоҳлаган жойингизда эмин-эркин яшаб, ўз жойингизга ўзларингиз ҳокимлик қиласизлар!”

Яйловдаги сигирлар бу махлуқни ким уларга хўжайин қилиб сайлаб қўйгани, яйлов шундоқ ҳам ўзлариники экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадилар. Баъзиларининг кўнгли ҳокимликни, баъзилари бўридан ҳимояланишни ўйлаб, махлуқнинг таклифига бажонидил рози бўлдилар. Бетайин махлуқ ўзини яйлов хўжайини эканилигини билдириш учун, яйлов атрофининг ҳар ерига пешоб қилиб чиқди. Бир неча марта сигирлар учун зарарсиз бўлган тулки каби кичик ҳайвонларни яйловдан қувиб чиқарди. Бу билан бошқа ҳайвонлар назарида у ўзини яйловнинг мутлақ ҳокими  қилиб кўрсатди.

Кунлар шу зайлда давом этди. Ўйланган режали ҳийлани амалга оширадиган кун ҳам етиб келди.  Махлуқ кенгаш чақирди. Негадир кенгашга қизил ва қора сигирларни таклиф қилди. Аммо оқ сигирни таклиф қилмади. Кенгашда “хўжайин” ўз муддаосини баён қилди:

“Кўриб турибсизлар яйлов кенг ва катта, уни бир ўзим ҳимоя қилишга қийналяпман. Мана сизларнинг рангингиз тўқ. Шунинг учун хавф-хатар ҳам йўқ. Аммо оқ сигирнинг ранги кечаси тиниқ, кундузи ҳам кўзга яққол ташланади. У сабабли сизларни ҳимоя қилишга қийналяпман. Рухсат берсангиз, ундан қутулсак...”. Улар ўзаро келишдилар. Келишувдан сўнг, махлуқ оқ сигирга ҳужум қилди ва уни еб битирди. Бу махлуқнинг йиртқич экани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Бепарволик, лоқайдлик шу зайлда давом этди.

Кунлар, кунлардан кейин ҳафталар ўтди. “Йиртқич”нинг кўнгли сигир гўштини тусаб қолди. Ўйлаган режасини давом эттирди. Ёнига қора сигирни чақирди: “Сенинг рангингга гап йўқ. Қизил сигир кўп муаммоларни келтириб чиқаряпти. Охирги пайтларда гапга ҳам кирмай қўйди. Бунинг устига унинг ранги ҳам хира. Ундан қутулиш ҳақида фикрингни билмоқчи эдим?!” Улар келишдилар. Кенгашдан чиқибоқ, “йиртқич” қизил сигирга ҳужумга ўтди ва уни еб битирди.

Йиртқич қизил сигир гўштини ҳам ҳазм қилиб бўлганидан кейин, хотиржамлик билан қора сигирнинг олдига борди. Қора сигир ажали яқинлашганини сезди. У “йиртқич”дан “дўстлик” ҳурмати ўзини ваҳшиёна ўлдирмасликни илтимос қилди. “Йиртқич” унга “дўстлик” ҳурмати сифатида охирги сўзни айтишга ҳам рухсат берди. Қора сигир охирги сўзини айтди:

“Бу ҳолатга тушишимни биринчи сигирга ҳужумга ўтганингдаёқ билган эдим! Нега лоқайдлик қилдим. Афсус...энди кеч!”.

Инсонларга панду насиҳат қилишда зарбулмасалларнинг ўрни беқиёс. Масал орқали воқеа-ҳодисалар ва уларнинг оқибатлари баён қилинса, одамларга янада тушунарлироқ, таъсирли ва зеҳнга ўрнашиб қолиши осон бўлади.

Албатта, бу зарбулмасалдан кўплаб чиройли ибратларни олиш мумкин:

  • Ҳар бир инсон ўзига берилган ҳаётини Аллоҳ буюрганидек яшаб ўтиши лозимлиги;
  • Ҳар бир инсоннинг ўз эрки бор. Қуллик бир қанча асрлар олдин бекор қилинган, шундай экан қулликка рози бўлмаслик;
  • Ватанини ғанимлардан ҳимоя қилиш, ўзини зарарига бўлса-да, ватандоши зарарига иш қилмаслик;
  • “Ўрмонга олов кетса ҳўл-у қуруқ боробар ёнади”-дейилганидек, юртдоши зарарига амалга оширилаётган иш бир кун келиб, унинг ҳам бошига тушиши тайин эканлигини унутмаслик;
  • Келиб чиқиши номаълум, ҳаёт тарзи бетайин кишилардан йироқ бўлиш, айниқса дин-у диёнатда ва ақида масалаларида уларга асло эргашмаслик;
  • Янги хабар келганда албатта текшириб кўриш кераклиги;
  • Ёлғон алдовларга учмаслик, унинг оқибатини ўйлаб иш юритиш;
  • Ўз оила аъзолари, ота-онаси, маҳалладошларига зарар келтирадиган ишларни олдини олиш, рақиб томонга ёрдам бериш у ёқда турсин, умуман ёмон оқибатли ишларга рози бўлмаслик;
  • Бепарволик, лоқайдликка йўл қўймаслик. 

И. Ахроров

Тошкент ислом институти проректори

Read 7643 times

Мақолалар

Top