Мақолалар

Аршни ларзага келтирадиган амал!

Оила муқаддас даргоҳ. Мана шу муқаддас даргоҳни барпо этиш учун йигит ва қизларга катта маъсулият юкланади. Пайғамбаримизнинг: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин”, деган ҳадислари оилани қандай қуриш учун далолат қилинган. Бу ҳадисда уйланаётган йигитнинг соғ-саломат, бирор касб ва ҳунарга эга бўлиши, яшаш учун шароити бўлиши ва бошқа жиҳатлар назарда тутилган. Шу ўринда қизларимиз ҳам оила қуриш масаласига жиддий қарашлари, огоҳ бўлишлари ва албатта, баъзи йигитларнинг ойни бенарвон олиб беришга ваъда қилувчи алдовларига алданиб қолмасликлари, ота-онанинг юзини ерга қаратмаслик фарзандлик бурчи эканини унутмаслиги керак. Албатта, эзгу ниятлар билан оила қурилгандан кейин икки ёш сабр-бардошли бўлиши, оила деб аталмиш муқаддас даргоҳни паст-баландига кўникиш, келин тушган хонадон оила-аъзолари эса, айниқса, ота-оналар жуда ҳам хушёр ҳамда сабрли бўлиши оиланинг бахтли-саодатли бўлишига асосдир. Чунки яқиндагина келин бўлиб тушган қиз ўзининг хонадонидаги урф-одатлари, қадриятлари билан яшаб келган. Бугун эса умуман нотаниш бўлган хонадоннинг урф-одатлари, анъаналари унинг олдида кўндаланг бўлиб турибди. Демак, келинга ўзга хонадоннинг одатларига кўникиш ва ўрганиш учун вақт талаб қилинади. Вақт ўтиши билан янги оилага кўникиб, хонадоннинг аъзосига айланади. Нозиккина ниҳолга ўз вақтида эътибор қаратилса, келинчакка рўзғор тутиш санъатини ўргатиб борилса албатта, ўша оила мустаҳкам бўлади. Қадим қадриятларимизга ҳиёнат бўлмайди. Таом тайёрлашни билмасликда ёки хали кўп вақт ўтмасдан фарзанд кўрмасликда айбланиб, қайнона томонидан пароканда қилинган оилани мустаҳкам деб бўладими. Бу урф-одатимизга ҳам, динимизга ҳам тўғри келмайдиган ишдир. Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Қолаверса, никоҳ Парвардигори оламнинг номи билан боғланади.

Албатта, Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳақи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар яхши билади. Шу билан бирга ота-онанинг ҳақини қўлдан келганича, адо қилишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳақининг ҳам чегараси бор. Аллоҳнинг амрига зид бўлган банданинг хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар таъкидлашган. Худди шу маънони қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак эмасми. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга, бир одамнинг онаси хотинингни талоқ қиласан, деб туриб олса, нима қилади? дейилган экан. Тасаввур қилиб кўринг, агар дунёдаги барча қайнона-қайноталар келини ёқмай қолса ўғлига хотингни талоқ қиласан дейдиган бўлса, ер юзида бева аёллар билан тирик етимлар кўпайиб кетмайдими? Уларнинг уволига ким жавоб беради. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2016 йилнинг ўтган ярим йиллиги бўйича демографик ҳолатига доир асосий кўрсаткичларни эълон қилди. 2016 йилнинг январ-июнь ойларида Ўзбекистондаги ФҲДЁ органлари томонидан 92,4 мингта никоҳ тузилганлиги ва 14,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. 14,8 минг оила бузилиб, қанча бева ва тирик етим болалар кўпайди, деганидир.

Хулоса ўрнида бугунги кунда жамиятимизда оилаларнинг пароканда бўлиши яъни ажралишлар кўпайиши бизнинг минг йиллик тарихга эга халқимизнинг урф-одатларига, анъаналарига ва қадриятларига зид эканини келажак авлодга қолаверса, янги оила қураётган ёшларимизга бонг урмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарз бўлади. Бир оилада “талоқ” сўзи айтилиб, оила бузилса, Аллоҳнинг арши ларзага келади дейишган. Ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаган ҳар бир банда Раҳмоннинг Аршини ларзага келтирадиган амаллардан ўзини сақламоғи керак.

 

 

 Махмуджон Абдусаитов,

 Бўстонлиқ тумани

бош имом-хатиби в.б.

 

 

Read 7302 times

Мақолалар

Top