Мақолалар

Денгиз тубидаги қурт

Ҳикоя қилинишича, Аллоҳнинг Набийси Сулаймон алайҳиссалом денгиз соҳилида ўтирганларида, дон кўтариб денгиз тарафга юриб кетаётган чумолини кўриб қолдилар. Унга бироз тикилиб турдилар. Чумоли денгиз лабига етиб келгач, сувдан бир қурбақа чиқиб оғзини очиб турди, чумоли унинг оғзига кириб олди. Кейин қурбақа сув тубига шўнғиди. Бу ҳолни кўрган Сулаймон алайҳиссалом ҳайрон бўлдилар.

Орадан анча вақт ўтгач, қурбақа сувдан бошини кўтариб, оғзини очди. Бояги чумоли унинг оғзидан чиқиб, қуруқликка ўтиб олди. Аммо унда дон йўқ эди. Сулаймон алайҳиссалом уни олдиларига чорладилар ва сув остида нима қилгани, қаерга боргани ҳақида сўрадилар.

Кичкинагина чумоли: “Эй Аллоҳнинг Набийси, сиз кўриб турган шу денгиз тубида ичида коваги бор харсангтош бор. Унинг ичида эса кўзи кўр бир қурт яшайди. Аллоҳ таоло уни ўша ерда яратган. Қурт озуқа топиш учун ташқарига чиқа олмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло унинг озуқасини келтиришга мени вакил қилган. Мен унинг ризқини кўтариб келаман. Сувнинг ичига тушишим ва сувдан зарар кўрмаслигим учун Аллоҳ таоло бояги қурбақани бўйсундириб қўйган. У мени денгиз тубига олиб тушгач, харсангтош ковагига оғзини қўйиб туради. Мен ўша тешикдан ичкарига кириб, озуқани қуртга етказаман. Кейин ковакдан чиқиб, қурбақанинг оғзига ўтаман. У эса мени қуруқликка олиб чиқади” деб жавоб берди.

Сулаймон алайҳиссалом ундан: “Ўша қуртнинг тасбеҳини эшитганмисан?” деб сўрадилар. У: “Ҳа. Ўша қурт: “Эй, ушбу денгиз тубидаги харсангтош ичида яшайдиган мендек бир қуртга ризқимни етказиб, мени унутмаган Зот! Раҳматинг билан мўмин бандаларингни ҳам унутмагин!” деб дуо қилади” дея жавоб берди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

  وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ

“Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ” (Исро сураси, 44-оят).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда эса бундай деган:

إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ

“Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир”. (Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.) (Зарият сураси, 58-оят).

Қоронғу денгиз тубидаги жонсиз харсангтош ичида яшайдиган кичкина кўр қуртни унутмаган Зот мукаррам қилиб яратган бандаси бўлмиш инсонни унутармиди?! Йўқ, унутмайди!

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

 

Read 3329 times

Мақолалар

Top