Мақолалар

Арслондек бўлгин!

Ривоят қилишларича, бир киши ўғлини савдогарлик қилиш учун узоқ сафарга юборди. Йигит йўлда борар экан кексайиб, касал бўлиб, ҳаракатлана олмай қолган тулкини кўрди. Йигит тулкининг ёнига келиб бироз турди, ўзича: “Бу заиф ҳайвон қандай ризқ топаркин? Тез орада очликдан ўлиб қолса керак” деб ўйлади.  

Йигит шу алфозда турганда катта арслон ўлжасини тишлаганча тулки тарафга юриб кела бошлади. Тулкидан бироз нарироққа ўтирди-да, оғзида олиб келган ўлжасини ея бошлади. Қорни тўйгунича еб, ўлжанинг қолган қисмини ўша ерга ташлаб, ортга қайрилиб кетди. Тулки ўзини қўлга олиб, бир амаллаб бояги ўлжага етиб бориб, тўйгунича ўша гўштдан еди. Буни кўриб турган йигит: “Албатта, Аллоҳ таоло барча махлуқотларга ризқ беради. Шундай бўлгач, нима учун мен машаққатли сафарга чиқишим ва ўзимни қийнашим керак?” деди-да, сафарини тўхтатиб, ярим йўлдан ортга – уйига қайтди.

Уйига етиб бориб, отасига бўлиб ўтган воқеани бирма-бир сўзлаб берди. Ўғлининг сўзларини эшитган ота: “Ўғлим, мен сенинг арслонлардан қолган нарсаларни ейдиган тулки бўлишингни эмас, балки арслон бўлишингни, тулкилар эса сендан қолган нарсаларни ейишини истайман” деди.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 3064 times

Мақолалар

Top