Мақолалар

Аллоҳ таолонинг ҳаёт сифати ҳақида.

Аллоҳни бор деб эътиқод қилувчи ҳар бир мусулмон маърифат ҳосил қилиши, яъни У зотни яхши таниши ҳам керак. Бу маърифатга эришиш йўллари кўп бўлиб, улардан бири У зотнинг гўзал исмлари ва сифатларини билиш ҳисобланади.

Ҳаёт  сифати Аллоҳ таолонинг қадимий ва боқий бўлган зотий сифатларидан биридир. У зот ўзининг азалий ва абадий сифати бўлган ҳаёт сифати билан абадий тирикдир. Бу ҳақида У Зотнинг Ўзи шундай хабар берган: 

اللَّهُ لاَ الَهَ الاَّ هُوَ الحَيٌ القَيُومُ

 “Аллоҳ, - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Тирик ва Абадий Тургувчидир”. (Бақара сурасидир. ужудга келтириш ва булардан бошқа феълий сифатлар.н бор б, 255-оят.) 

وَتَوَكَّلْ عَلَى الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوت

“Ва барҳаёт,  ўлмайдиган Зотга таваккал қил”. (Фурқон сураси-58-оят.)

Яъни, Аллоҳ таоло тирикдир, тириклиги ўлим ила йўқ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг тириклиги азалий, яъни олдин йўқ бўлиб кейин пайдо бўлмаган, балки ўз-ўзидан бўлувчидир, шунингдек, бирор пайдо қилувчига муҳтож эмас, тирикликни бошқа зотдан олмаган. Аллоҳ ҳаётнинг манбаидир. У барча жонзотларга ҳаёт ато этувчидир. Унинг Ўзи эса ҳаётнинг мукаммал суратига эга. Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандаларнинг ҳаётига ўхшамаган.

Махлуқотларда ҳам тириклик сифати мавжуд, аммо бу сифат уларда ўлим билан йўқ бўлади. Махлуқотлар тирик бўлишида Аллоҳга муҳтож, ўз-ўзларидан тирик бўла олмайдилар, улардаги ҳаёт сифати кейин пайдо бўлган ва фонийликка юз тутади. Махлуқотларнинг барчалари абадий барҳаёт эмаслар.

Ҳаёт сифати бошқа сифатларнинг собит бўлишига олиб боради. Агар ҳаёт сифати бўлмаганида, Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари ҳам бўлмас эди. Аллоҳнинг илм, қудрат, ирода каби сифатлари ҳаёт сифати борлигига далолат қилади. Бунга ушбу оят далил бўлади:

اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ  

“Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат(шакл) бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракот соҳибидир.” (Ғофир сураси, 64-оят) 

هُوَ الْحَيُّ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ

“У ҳамиша Барҳаётдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир.” (Ғофир сураси, 64-оят.)

Аллоҳ таоло аввалги оятда Ўзининг яратувчи эканлигини зикр қилиш билан бошлади. Аллоҳ таоло ерни инсонлар унда қарор топиб яшашлари учун кенг, катта,  тўшак каби қулай ҳолда яратиб, инсонларга бўйсундириб қўйгани, ундан анҳорларни оқизиб, турли мева ва ўсимликларни чиқаргани, осмонни  устунсиз шифт каби бино қилганини баён этди. Сўнг  инсонлар ўзларининг қандай яратилганликларига назар солиб, Аллоҳнинг комил қудрати ва ҳикматини тафаккур қилишларига чорлади. Улар ўзлари дастлаб ўлик нутфа ҳолатида бўлганлиги, Аллоҳ уларни мустаҳкам маконда қарор топтириб босқичма-босқич, ота-онасининг ҳеч қандай аралашувисиз гўзал суратда яратганини биладилар. Албатта, бу суратни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг рубубият, қудрат ва ҳикмат соҳиби эканлигига далил бўлади. Сўнг яна бир улуғ неъмат – покиза нарсалар билан ризқ берганини баён қилди. Инсонларнинг Роббиси, яратувчиси, уларга ризқ берувчиси ҳам, тадбирини қилувчи ҳам Унинг ўзи эканини зикр этди. Сўнг “У ҳамиша Барҳаётдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир” дея,  юқорида баён қилинган барча ишлар тириклик сифатига эга бўлган зотдангина содир бўлиши айтилди.

Демак, Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари собитлиги ҳаёт сифати билан экан. Кимки, бу ишларни тирик бўлмаган зотга нисбат берса ақллилар қаторидан жой ололмайди. Бундай ишларга қодир бўлган Зот – Аллоҳ ҳаёт-тириклик сифати билан сифатлангандир. Ҳаёт сифати барча сифатлар каби комил сифат бўлиб,  бошқа барча сифатларни ўз ичига қамраб олган, унинг ҳақиқатини билиб бўлмайди. Унинг кайфияти ҳақида бахс юритмасдан иймон келтирилаверади.

Аллоҳ талонинг ушбу сифат ила дуо қилишликнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган бўлиб, қуйида уларнинг бир нечтаси билан танишиб чиқамиз.

   عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ يَزِيدَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها  أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: اسْمُ اللهِ الأَعْظَمُ فِي هَاتَيْنِ الآيَتَيْنِ }وَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ وَفَاتِحَةِ سُورَةِ آلِ عِمْرَانَ }الم اللهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ

Асма бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳийм бўлмиш, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирик ва қаййум Зотдир» оятидадир», дедилар».

Бу икки ояти каримада Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Улар орасида “ал-Ҳайй” – “тирик” исми ҳам санаб ўтилди.  Аммо улардан қайси бири исми аъзам эканига аниқ ишора йўқ.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَنَّهُ كَانَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا فِى الْمَسْجِدِ وَرَجُلٌ يُصَلِّي ثُمَّ دَعَا: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنَّ لَكَ الْحَمْدَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ الْمَنَّانُ بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ يَا ذَا الْجَلاَلِ وَالإِكْرَامِ يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَقَدْ دَعَا اللهَ بِاسْمِهِ الْعَظِيمِ الَّذِي إِذَا دُعِيَ بِهِ أَجَابَ وَإِذَا سُئِلَ بِهِ أَعْطَىَ.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши намоз ўқирди. Сўнгра у:

«Аллоҳим! Мен Сенга ҳамд бўлгани учун, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ бўлгани учун, Маннон, осмонлару ерни тенги йўқ қилиб яратувчи, жалол ва икром соҳиби бўлганинг учун Сендан сўрайман. Эй Ҳайй, эй Қайюм!» деб дуо қилди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, у Аллоҳга дуо қилса ижобат қиладиган, сўраса берадиган Исми Аъзами ила дуо қилди», дедилар».

Ҳаким ибн Ҳишомдан ривоят қилинади: “Менга бир кишининг асирга тушганлиги, уни бир қудуққа ташлаб, қудуқ оғзини катта тош билан ёпиб қўйилганлиги, унга: “Субҳаналлоҳил Маликил Ҳаййил Ҳаққил Қуддус. Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни айтишлиги зикр қилинганда бу калималарни айтиб, қудуқдан ҳеч кимнинг ёрдамисиз чиқиб кетганлиги ҳақида хабар берилди.” 

   عَنِ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه  قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : مَنِ اسْتَغْفَرَ الله فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاَةٍ ثَلاَثَ مرارٍ فَقَالَ : أَسْتَغْفِرُ الله الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ ، غُفِرَتْ لَهُ ذُنُوبَهُ وَإِنْ كَانَ فَرَّ مِنَ الزَّحْفِ.

Бароа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар бир намозидан кейин уч маротаба “Астағфируллоҳаллази ла илаҳа илла ҳувал Ҳаййул Қоййум ва атубу илайҳи”, деб айтса, унинг гуноҳлари кечирилади, гарчи урушдан қочган бўлса ҳам.” дедилар.” Бошқа бир ривоятда “гарчи гуноҳи денгиз кўпигича бўлса ҳам” дейилган.

Яна  اللهُ لا إِلَهَ إِلا هُوَ الحي القيوم    деб, бошланадиган  Бақара сурасининг “Оятул курси” деб номланувчи ояти ҳам Аллоҳнинг тириклик сифатига далил бўлиб, бу оятнинг фазилати ҳаммага маълум ва машҳур. Бу оят уйда ўқилса, шайтон ҳам, бошқаси ҳам яқин кела олмаслиги, кечада ўқилса тонггача, тонгда ўқилса кечгача муҳофаза қилиниши ҳамда бу оят Қуръон оятларининг саййидаси эканлиги ҳадиси шарифларда зикр қилинган.

              

Мухамедходжаева Санобар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом билим юрти мударрисаси

Read 3958 times

Мақолалар

Top