Мақолалар

Алданиб жон фидо қилгандан Аллоҳ йўлида яшамоқ афзал!

Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган жиноий тўдалар ўта маккорлик билан баъзи иборалардан фойдаланиб, Ислом дини тўғрисида етарли тушунчага эга бўлмаган инсонларни, хусусан, ёшларни алдаб, мусибат кўчаларига киргизишга уринмоқдалар. Бу уринишларни бузғунчилар, асосан, интернет тармоғидаги экстремистик руҳдаги сайтлар орқали амалга оширмоқдалар. Аввало, таъкидлаб ўтишимиз лозимки, жирканч йўлга бошловчилар инсонларни тўғридан-тўғри жиноят қилишга чорлашгани йўқ, балки улар ҳижрат, жиҳод, шаҳид каби диний ибораларни бузиб талқин қилиб, нотўғри тушунча шаклланишига сабаб бўлмоқдалар.

“Ҳижрат” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий маъноси “кўчиш, тарк этиш” маъноларини англатади. Бузғунчилар бу сўзнинг биринчи маъносидан фойдаланиб, ёшларнинг онгини заҳарлаб, яшаб турган мамлакатда ибодат қилишга умуман имкони бўлмаган жойдан кўчиш фарз, деб ношукрлик ҳиссини уйғотиб чалғитмоқдалар. Ваҳоланки, юртимизда икки мингдан ошиқ масжидлар, ўнта ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда, ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз умра ва ҳаж ибодатларини адо этиб келиш имконига эга бўлишмоқда. Сўзнинг иккинчи маъносига келсак, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида “Муҳожир (ҳижрат қилувчи) деб Аллоҳ таоло қайтарган  нарсани тарк этган кишидур”, деб айтганлар. Демак, ҳозирда гуноҳ ишларни тарк этиш ҳақиқий ҳижрат экан.

“Жиҳод” сўзи араб тилидан олиниган бўлиб, ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бермоқ, бирор ишни бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилмоқ маъноларини англатади. Ўзларини Ислом дини намоёндалари деб иддао қилаётган шахслар айтганларидек, бу сўз уруш маъносини англатмайди, араб тилида уруш маъносини “қитол” сўзи ифода қилади. Жиҳод сўзининг луғавий хусусиятидан келиб чиқиб ўтган даврларда халқларни босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жиҳоднинг энг афзали кишининг ўз нафсига қарши курашмоғидур,” деганлар. Бор имкониятини ишга солиб илм-маърифат йўлида ҳаракат қилмоқлик, ота-онанинг хизматини қилмоқ, фарзандларни чиройли тарбияламоқ, оиласи, халқи, Ватани учун хизмат қилмоқ жиҳоддир.

Шаҳид” сўзи ҳам араб тилидан олинган бўлиб, “ҳозир”, “гувоҳ” ҳамда “дини, оиласи, халқи, Ватани мудофааси йўлида жон фидо қилган одам” маъноларини англатади. Ҳозирги кунда террорчилар ўзини портлатиб юборишни шаҳидлик деб иддао қилмоқдалар. Ўзини портлатиш шаҳидлик эмас, балки динимизда қораланган, гуноҳ саналган ўз жонига ва ўзгаларнинг жонига қасд қилишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта, жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”, деганлар. Қуръони каримда “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...” (Моида, 32), дейилган. Аллоҳ томонидан берилган ҳаёт неъматига ношукрлик қилган ва ўзганинг қонини ноҳақ тўккан кимсани шаҳид дейишимиз мумкинми? Асло мумкин эмас!

Эътибор берадиган бўлсак, дин ниқобидаги динбузарлар ўзларининг ҳомийлари берган махсус дастур асосида иш олиб бориб, ёшларимизни оқибати ҳалокат билан якун топадиган йўлга бошламоқдалар, яъни:

  • ношукурлик ҳиссини уйғотиб, ўз ватанидан кўчирмоқдалар;
  • муқаддас жанг иддаоси билан чалғитмоқдалар;
  • алдаб, жонини қурбон қилиб, ҳалок бўлишга олиб бормоқдалар.

Билинг, алданиб, адашиб жон фидо қилгандан Аллоҳ йўлида ҳаёт кечирмоқ афзалдир!

 

Мирзомақсуд ҳожи АЛИМОВ,

Андижон вилояти бош

имом-хатиби ўринбосари

 

 

 

 

Read 5336 times

Мақолалар

Top