Мақолалар

Ғанимат ой остонасидамиз!

Рамазон ойи – фараҳли ой. Катта-кичик шу ойда ниҳоятда тақводор бўлиб қолади. одамлар бир-бирларига одатдагидан ҳам меҳрибон бўлади. Таровеҳ намозига чиққан кишилар кўп вақтлардан бери кўришмаган дўсту ёронлари билан дийдорлашади. Маза қилиб таровеҳни ўқиб бўлганларидан сўнг эса ҳазил-ҳузул қилиб бири иккинчисини саҳарликка, ифторликка таклиф қилиб тарқалади.

Бу ойда, айниқса, ёш болаларнинг ғайрат-шижоатини айтмайсизми! Ҳаммадан бурун саҳарликка туриб олади. Ухлаб қолганлари эса саҳарликка уйғотмагани учун ота-онасидан чошгоҳгача, бирорта ўйинга овуниб кетгуни қадар аразлаб туради.

Тасаввур қилинг, саҳар вақти турасиз, атроф жим-жит. ҳаво мусаффо. Гўёки осмон эшиклари очилгану тананингизга беҳисоб куч-қувват ёғдираётган тонг ҳавоси айнан ўша ёқдан келаётгандек. Узатсангиз қўлингиз юлдузларга етадиганга ўхшайди. Оилангиз жам бўлиб саҳарлик қиласиз, мириқиб суҳбатлашасиз. Бомдод киргунига қадар зикр қиласиз, қазо намозларингиз бўлса, уларни ўқийсиз. Бу вақтда булбуллар чаҳ-чаҳлаб сайраб ётган бўлади. Кейин эса намоз қуши келиб бомдоднинг кирганини хабар қилади. Маҳаллангиздаги масжидда чақирилган азон овози қулоқларингиздан кириб танингиздаги энг инжа томирларингизни ҳам силаб ўтади – роҳат-фароғат, бахту саодат бундан ортиқ бўлиши мумкинми!

Нафсиламри, имони заифроқларимизга рамазон дарров келиб қолгандек туйилади. Аммо шуни ёдда тутайликки, машойихларимиз: “Бу дунёда вужудга  оғир келадиган нарсалар қиёматда тарозида ҳам оғир келади”, деганлар. Зотан, бизнинг аъмолимиз қиёматга захира  ҳозирлаш эмасми!..

Бинобарин, Аллоҳ таоло муборак Каломида: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деб марҳамат қиларкан, фарз амали бўлган рўзани тутсак, тақводорлигимиз янада зиёда бўлишининг хабарини берган.

Рамазон рўзасини руҳимиз (сиддиқлар рўзаси), ақлимиз (хослар рўзаси), жисмимизни (авомлар рўзаси) жамлаб тутсак, шубҳасиз, Раббимиз ушбу ояти каримада айтганидек, тақводорлигимиз ортади, ажру савобларимиз кўпаяди,

Аслида эшик қоқиб турган рамазон – савоблар қўлга киритиладиган фурсат ойи. Шу ойдан ҳаммамиз фойдаланиб қолайлик, юртимизга тинчлик, элимизга файзу барака, хонадонларимиз хотиржамлик, фарзандларимизга бахту саодат тилайлик. Чунки бу ой – мағфират ойи. Бу ойда дуолар мустажоб бўлади, иншаа Аллоҳ!

Дамин ЖУМАҚУЛ   

Read 2939 times

Мақолалар

Top