Мақолалар

Овқатланишдаги 12 суннат
  • Овқатланишдан олдин қўлни ювиш.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йилнинг 15 октябрь санасини “Халқаро қўл ювиш куни” деб эълон қилган. 

  • “Бисмиллаҳ” ни айтиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди”, деганлар.

Шайтон Аллоҳ таолонинг исмини айтмай еяётган одамга шерик бўлади. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки таом устида Аллоҳ зикр қилинса, шайтон шерикларига: «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар Аллоҳ зикр қилинмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди (Имом Бухорий ривояти).

Агар овқатланишнинг аввалида "бисмиллаҳ"ни айтиш ёддан кўтарилса, эсга тушганда: “Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи”, дейиш лозим. 

  • Ўнг қўл билан ейиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чап қўл билан еманглар! Чунки шайтон чап қўли билан ейди, деганлар (Имом Муслим ривояти). 

  • Таомни ўз олдидан ейиш.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоққа бориб-келарди. Шунда у зот алайҳиссалом менга: "Эй ғулом! "Бисмиллаҳ" дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!" дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти). 

  • Тушиб кетган луқмани олиб, ейиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингизнинг егулигингиз ерга тушиб кетса, уни кўтариб, сиртини бегона нарсалардан тозалаб есин, насибасини шайтонга қолдирмасин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Астон университети профессори Энтони Хилзнинг олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфсиз экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмайди. 

  • Овқатни учта бармоқ билан ейиш ва бармоқларни ялаб қўйиш. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар" (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлгандан сўнг бармоқларни ялаб қўйиш ҳақида бундай деганлар: "Қўлини артмай туриб ялаб қўйсин. Дарҳақиқат, у барака қай бирида эканидан бехабардир". 

  • Овқатни айбламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар, ёқтирсалар еганлар, ёқтирмасалар емаганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). 
  • Овқатни ёнбошлаб, тик туриб тановул қилмаслик.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен суянган ҳолимда емайман", деганлар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар". Шунда саҳобалар: "Тик туриб ейиш мумкин-ми?" деб сўрашди.

У зот алайҳиссалом: "У яна ҳам оғирроқ", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти). 

  • Овқатга пуфламаслик.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ва шаробга пуфлашдан қайтардилар" (Имом Аҳмад ривояти). 

  • Овқатни қорин тўйгунча емаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамзот қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмагандир. Аслида, унга қоматини тиклаб турадиган овқат етарлидир. Агар зарурат бўлса: қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафас олиши учун бўлсин!” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа: ривояти). 
  • Жамоат бўлиб овқатланиш.

Бир жамоа одамлар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз овқатланамиз, аммо ҳеч тўймаймиз", дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар алоҳида-алоҳида овқатланасиз-ми?" деб сўрадилар.

Улар: "Ҳа, шундай", дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таомингизга (биргаликда) тўпланинг ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинг. (Шунда) барака берилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). 

  • Овқатланиб бўлгач Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еб бўлсалар: “Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимийн” (Бизларни овқатлантириб, суғориб ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деб айтардилар.

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 6221 times

Мақолалар

Top