Мақолалар

Истиқлол нуридан яшнаётган даргоҳ: Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта -махсус ислом билим юрти

Томирлари мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган юртимизга мустақиллик берган неъматларни санаб адоғига етиб бўлмаса керак. Тарих учун мўжаз, лекин бунёдкорлик ишлари самарасига қараб, улкан ютуқларга эришилган 25 йил давомида Ўзбекистон дунё билан бўйлаша олди. Чунончи, ёш авлод тарбияси, жамият ривожи, инсонларнинг фаровонлиги даражаси ошиши, миллий қадриятларимизнинг тикланиши, қўйингки, барча соҳаларда келажак учун мустаҳкам пойдевор барпо этилди.

Андижон вилоятида 1998  йилдан буён  фаолият юритиб келаётган «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти ҳам мустақиллик ином этган неъматлардан биридир. Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатларга асосан ўрта-махсус ислом билим юрти битирувчиларининг дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.

Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта-махсус ислом билим юртини фаолият бошлаган йилдан буён 800 нафарга яқин талаба битириб, Диншунослик йўналиши бўйича имом, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси мутахассислиги бўйича тегишли ҳужжатга эга бўлдилар. Мадрасамиз битирувчилари ҳозирда мамлакатимизнинг тараққий этишига ҳамда жамиятимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Талабаларимизнинг таълим олиб, ҳозирда катта ютуқларга эришаётгани биз мударрисларга ҳамиша фахр-ифтихор бахшида этади. Эришилган муваффақиятлар эса, муассасада таълим-тарбия ишларининг ижобий ташкил этилаётганидан дарак беради.

Билим юрти талабалари хориж давлатларида ўтказилган Қуръон мусобақаларида ҳам ўз билим ва малакаларини муваффақиятли намойиш этиб келади. Жумладан, Миср, Саудия Арабистони, Жазоир ва Эрон давлатларидаги танловларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ислом ўрта махсус билим юрти талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада”, “Қорилар мусобақаси” танловларида мадрасамиз талабалари муносиб равишда иштирок этиб, улардан  бир қанчаси грант асосида Тошкент ислом институтига кириш хуқуқига эга бўлганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Талабалар томонидан нафақат фан йўналишлари, балки спорт соҳаларида  ҳам эришилган ютуқлар бисёр.

Билим юртида талабаларга Қуръони карим тажвиди, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, ислом тарихи, муҳовара каби мутахассислик фанлари, шунингдек, она тили, физика, математика, информатика, инглиз ва рус тиллари, кимё, биология, маънавият асослари сингари умумтаълим фанларидан ўз фанининг етук мутахассиси бўлган 20 нафардан зиёд мударрис–ўқитувчилар таълим бермоқда.

Билим юрти мударрисларининг оммавий ахборот воситалари билан олиб бораётган ҳамкорликлари самарасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ижодкор муаллимларнинг вилоят телевидениеси орқали турли долзарб мавзулардаги иштироклари, давра суҳбатлари мунтазам бериб борилади. Билим юрти мударрис-ўқитувчилари ўзлари ўтаётган фанларидан ўқув қўлланмалар ҳам тайёрлаб борадилар. Хусусан, мадрасамиз мударрислари томонидан тайёрланган воизлик илми хусусидаги “Хатоба” номли рисола ҳозирда юртимиздаги барча ўрта махсус ислом билим юртларида ўқув қўлланма сифатида ўқитиб келинмоқда. М.Мўминовнинг “Мазҳаблар ва йўналишлар” фанидан “Ҳизбут-таҳрир оқимига раддиялар” рисоласи, Р.Маҳмудовнинг “Тафсир” фанидан ўқув қўлланмаси ва ўқитувчилар томонидан тайёрланган “Миръотус солиқийн”, “Рамазон туҳфаси” китоблари талабаларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришларига хизмат қилмоқда.

Билим юрти ўқув, моддий-техника базасини яхшилашда, мударрис ва талабаларни ишлаш ва ўқишлари учун шароитларни ташкил этишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хамда бир қатор ҳомий ташкилот ва мехр-мурувватли, саховатли инсонлар томонидан кўмак бериб келинмоқда.

Билим юрти талабалари дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун қулай шароитларга эга спорт майдочаси, машғулот зали ва бир қатор фанлардан тўгараклар фаолият кўрсатади.

Мухтасар қилиб айтганда, истиқлол берган неъматлардан бири бўлган мазкур ўқув даргоҳи, мударрис ва ўқитувчилари ёш авлодни жамиятимиз ривожи учун муносиб ворис этиб тарбиялаш йўлида хизмат қилмоқдалар.    

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ

Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта -махсус

ислом билим юрти мударриси

Read 5247 times

Мақолалар

Top