Мақолалар

Бундай меҳрибон инсон яна қаерда бор?!

Ушбу мақолада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибонликларини кўрамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”,- дедилар. Икки шайх ва Термизий ривояти.

Бу ҳадисда ҳар бир Пайғамбарларга ижобат бўладиган дуо берилганини, улар ўша дуоларини қилиб бўлишганини, аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ижобат бўладиган катта дуони у зот ўзлари учун ёки аҳли байтлари учун ишлатмай, охиратда биз умматлари учун ишлатишларини ўйлаб, беркитиб қўйганликлари айтиляпти. Бунчалик куюнчаклик, умматига қайғуриш яна қайси инсонда, қайси пайғамбарда бор?!

У зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда у зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзлаяптилар.  

Аллоҳ таоло у кишининг умматларига меҳрибонликларини васф этиб шундай деган:

لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ

“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зот соллаллоҳу алайҳи васалалмдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.) (Тавба сураси, 128-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига бўлган меҳрлари ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам аниқ мисоллар келган.

Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун ҳолда кўрганимда у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қилинг” дедим. У зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг аввалги ва кейинги, яширин ва ошкора гуноҳларини мағфират қилгин” деб дуо қилдилар”. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қаттиқ кулдилар, ҳатто кулгудан бошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига йиқилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоим сени хурсанд қилдими?” деб сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Сизнинг дуоингиз қандай қилиб мени хурсанд қилмасин?!” деб жавоб бердилар. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, бу ҳар намозда умматимнинг ҳаққига қиладиган дуоимдир!” дедилар.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ “Муснад”да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан, сафардан қайтишда орқадан қолиб, заифларни етаклаб (қўлтиқлаб) олар, баъзиларни мингаштириб олардилар ва барчаларининг ҳақларига дуо қилардилар”.

У зот алайҳиссалом сафардан қайтишда чарчаган, толиққан кишиларни карвондан ортда қолиб кетмасинлар деб уларни қўлтиқлаб олиш учун ортда борар, баъзиларини уловга миндириб олиб, барчаларининг ҳақларига дуо қилир эканлар.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши шундай деганлар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида Қуръондаги энг қисқа сураларни қироат қилиб, намозни тезроқ ўқиб бердилар. Намоздан сўнг биз: “Эй Расулуллоҳ, нега намозни тезлатиб ўқидингиз?” деб сўрадик. Шунда у зот: “Гўдакнинг йиғисини эшитдим. Унинг онаси биз билан намоз ўқияптимикин деб ўйладим. Боласининг олдига тезроқ борсин деб намозни тезлатиб ўқидим” дея жавоб бердилар”.

Гўдак йиғлаб қолди. Онаси ҳам боласининг йиғисидан “Боламнинг олдига тезроқ борсам эди” деб тургандир дея намозни тезроқ ўқиб, онага ҳам, болага ҳам меҳр кўрсатганлар.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилаётган эдилар. Ҳасан ва Ҳусайн у зот тарафга қараб кела бошладилар. Уларнинг устларида қизил кўйлак бор эди. Келаётганларида йиқилиб-қоқилиб тушишарди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (минбарларидан) тушдилар-да уларни кўтариб олдилар ва олдиларига ўтқизиб, “Аллоҳ “Молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас” деб рост айтган. Бу икки гўдакнинг йиқилиб тушаётганларини кўрдим. Сабр қилолмай сўзимни тўхтатиб, уларни кўтариб олдим” дедилар”.

Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловот ва салом юборсин!

 

Шайх Саъийд ибн Муҳаммад Камалийнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3205 times

Мақолалар

Top