Мақолалар

Биз нега кам зикр қиламиз?!

Биз шундай зотларни биламиз. Ҳеч қачон Аллоҳнинг зикридан чалғимасдилар, унутмасдилар. Эркаклари ҳам, аёллари ҳам, шаҳарда яшайдиганлари ҳам, саҳрода яшайдиганлари ҳам, илмсизлари ҳам, олимлари ҳам, қорилари ҳам, жоҳиллари ҳам шундай эди. Улар Аллоҳнинг зикридан асло чарчамасдилар. Бугунчи? Бугун кўпчилик зикрдан  вазифаси йўқ, онги бўш ҳолда юрибди.  

Сизларга ўзим таниганлар, кўзим билан кўрган, қулоғим билан эшитган зотлар ҳақида айтиб бераман. Шулардан бирлари бобом раҳимаҳуллоҳдир. Бирор вақт Аллоҳнинг зикридан чарчамасдилар. Кечаю кундуз зикр қилардилар. Кечаси одамлар ухлаётганда у киши Аллоҳни зикр қилиб ўтирардилар.

Яна бирлари отамнинг холасининг эри. Бу киши кечаси уйғониб, Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқиб, кейин ўтириб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилар эдилар. Ҳа, намоздан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб зикрни қиларди, яъни Унинг Каломини тиловат қилардилар. Ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтар эдилар.

Яна бирлари онамнинг холаси. Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олган бўлсин! У киши жуда зокира аёл эдилар. Бизнинг уйимизда яшардилар. Тонгги зикрлари ҳамда кечки зикрлари бор эди. Вафот этишларининг сабаби ҳам кечаси уйғонганларида, уйнинг зинасидан пастга тушаётганларида йиқилиб, шифохонага олиб борилганда вафот этганлар. У киши ҳар куни кечаси Аллоҳ таолони зикр қилиш учун турардилар. Бу аёл оми бўлган, яъни ўқиш-ёзишни билмаган. Қўли билан бирор марта бирор қатор хат ёзмаган. Аммо зикрда бардавом эди.

Кейингиси аёлимнинг бобоси. Бу одам бомдодни ўқигандан сўнг қуёш чиққунича ўрнидан турмай зикрда бардавом бўларди. Мен у кишини кексайган ҳолларида кўрганман. Юришга, туришга қийналадиган киши эдилар. Аммо ўғиллари ва набираларининг айтишича, у киши бу одатни улар ақлларини танигандан бери қилиб келган эканлар. Қуёш чиққач, Зуҳо намозини ўқиб, ана шундан сўнг ўз ишларига кетар эканлар.

Шайхларимиздан бирлари бўлмиш Атийя ҳазратлари бир воқеани айтиб берган эдилар. У киши Мадинада шундай савдогарларни кўрган эканларки, улардан бирининг қўлидан Мусҳаф тушмас экан. Роббининг Китобидан ҳеч узоқлашмас экан. Агар олдига харидор келса, ўқиётган жойига белги қўйиб, харидорнинг ҳожатини чиқариб, кейин яна Қуръонни келган жойидан ўқишни давом эттирар экан.  

Одамлар мана шундай эдилар. Бизчи?! Бизга нима бўлди?! Биздан кекса бўлган кишилар енгилмаган, чарчамаган амалларда бизга ўхшаган ёшлар чарчаб, енгилиб қолдилар. Ваҳоланки, ўтган кишилар олим, воиз эмасдилар. Бизга эса илм берилган, нутқ берилган. Шундай бўлсак-да, амалда сустлашиб қолдик. Амал бўлмаса, гапнинг нима фойдаси бор?! Амал бўлмаса, гапиришдан нима кўзда тутилади?!  

Саҳрою шаҳарларда яшайдиган, кекса, ожиз, илмсиз, воиз бўлмаган кишилар шундай бўлишган. Шаҳарда яшайдиган, илми бор кишининг зикри бўлмаслиги, ҳар кунлик вазифаси бўлмаслиги мумкинми?! Шуни тасаввур қилса бўладими?!

Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Қалбдаги ташналикнинг кетиши Аллоҳнинг зикри билан бўлади”.

Агар Аллоҳни зикр қилсанг, қалбинг қонади, ташналиги кетади. Бордию зикр қилмасанг, қалбинг қуриб, қақшаб кетади. Сизлар яхши биласизларки, қалб жасаддаги муҳим аъзо бўлиб, у солиҳ бўлса, бошқа аъзолар солиҳ бўлади, агар у бузилса, жасаддаги барча аъзолар ҳам бузилади.

Аллоҳ таоло Қуръонда “Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деган.

Ҳа, Аллоҳнинг зикри барча катта, муҳим ишлардан буюкдир.

Сиз қачон зикр қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган бўласиз? Қай даражада зикр қилсангиз, Аллоҳни кўп зикр қилувчи саналасиз?

  • Уйдан чиқаётганингизда, зикр қилсангиз.
  • Бир ишни бошлаш олдидан Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Либос кияётганда Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Шамол эсаётганда Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Ёмғир ёғаётганда Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Кеч кирганда Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Уйингизга кираётганда Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Еб-ичиш олдидан Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Аҳлингизга яқинлик қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Ухлаш учун тўшакка ётиш олдидан Аллоҳни зикр қилсангиз.
  • Кечаси уйқудан уйғониб кетганингизда Аллоҳни зикр қилсангиз.

Шу тарзда барча ишлар учун айтиладиган Аллоҳнинг зикрлари бор.

Бир кунда:

- 100 марта АШҲАДУ АН ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАҲДАҲУ ЛАА ШАРИЙКА ЛАҲУ ЛАҲУЛ МУЛКУ ВА ЛАҲУЛ ҲАМДУ ВА ҲУВА АЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚОДИЙР,

- 100 марта АСТАҒФИРУЛЛОҲ,

- 100 марта СУБҲАНАЛЛОҲИ ВА БИҲАМДИҲИ СУБҲАНАЛЛОҲИЛ АЗИЙМ,

- 100 марта АСТАҒФИРУЛЛОҲА ВА АТУУБУ ИЛАЙҲИ,

- 100 марта ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ,

- 100 марта СУБҲАНАЛЛОҲ,

- 100 марта АЛЛОҲУ АКБАР,

- 100 марта АЛЛОҲ

Шуларнинг ҳаммасига қанча вақт кетади? Кетса, бир соат кетади. Мусулмон одам шу зикрларни айтишга нега эринади?

Қолаверса, Рамазон ойида бу зикрларнинг савоби, баракаси, таъсири янада кўпроқ бўлади-ку!

Эй Аллоҳ, Сени зикр қилиш, Сенга шукр қилиш ва Сенга гўзал ибодат қилишимиз учун бизга ёрдам бергин!

Шайх Саъийд ибн Муҳаммад Камалийнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 4272 times

Мақолалар

Top