Мақолалар

Тўғри танланган йўл

Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Бугун юртимизнинг қайси  гўшасига борманг, халқимизнинг буюк бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, жумладан, қайта қад ростлаган азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлиги, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Истиқлол шарофати билан XIX аср охири ва ХХ асрнинг 20–30 йилларида яшаб ўтган, бироқ ҳақсиз равишда унутиб юборилган, мустамлакачи, мафкура ва тоталитар тузум шароитида туҳматга учраб, қатағон қилинган ўзбек халқи фарзандларининг шарафли номларини тиклашга катта эътибор берилди.

Президентимиз ўз нутқларининг бирида шундай деган эди: “Мустақиллик пойдеворига, халқимизнинг бошига тушган оғир кунларда қатағонларга учраб, гуноҳсиз қурбон бўлган минглаб забардаст, унутилмас фарзандлар тамал тошларини қўйган. Шунинг учун ҳам мустабидлик замонида халқимиз хотирасидан атайлаб ўчирилган мўътабар инсонларнинг номлари бирин-кетин тикланяпти”.

Президентимизнинг фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан мустамлакачилик даврида миллий истиқлол ва тараққиёт йўлидаги интилишлар учун ноҳақ айбланиб, турли жазо ва тазйиқларга маҳкум этилган ватандошларимизнинг исм-шарифи аниқланган ҳолда, таржимаи ҳоли, фаолияти ўрганилмоқда.

Шу билан бир қаторда диний қадриятларимизга ҳам алоҳида эътибор берилиб, мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятлар (ўзбек халқини бадном қилувчи «пахта иши», «ўзбек иши» деган қатағон хўлу қуруқни баравар ёндирди. Олисдаги марказдан келган гдлянчилар ўзларига берилган «чекланмаган ҳуқуқ»дан тўлиқ фойдаланиб, минглаб оилаларни бахтиқаро қилган эди) қайтадан тикланди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Натижада, халқимиз ўзлигини таниб турмушнинг барча жабҳаларида миллийлик нашидаларини сурмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилганидек:

وَقُلْ جَاء الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقاً

яъни: “Айтинг, Ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир” (Исро сураси 81-оят).

Диний қадриятларнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши, тарихий хотирамизни тиклаб, ўзликни англашдаги ўрни, янги жамият қуришда муҳим куч-қувват манбаи экани Юртбошимизнинг “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” номли асарида айтган қуйидаги фикрларида яққол ифодасини топган: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”.

Мустақиллик йилларида юртимизда дин соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича Президентимизнинг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Эътиқод эркинлиги учун кенг йўл очилди. Диний муносабатлар «Дунёвийлик – даҳрийлик эмас» тамойили ҳамда «Инсон эътиқодсиз яшай олмайди», деган аниқ ишонч асосида қатъий белгиланди. Зотан, самовий динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, улар ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Кишиларни поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварликка даъват этади.

Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган одилона сиёсати натижаси ўлароқ, Конституциямиз кафолатлаб берган тенгҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида 16 та диний конфессия, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч ва тотув яшаб, ягона оиладек ҳамжиҳат саъй-ҳаракат қилишаётир. Халқимизга хос бағрикенглик, турли эътиқод ва маданиятларга ҳурмат билан қаралаётгани боис, юртимизда диний, миллий, ирқий камситишлар ва низолар кузатилмайди.

Республикамизда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини амалга оширишда ислом омилидан тўғри фойдаланиш юзасидан мутахассис кадрлар тайёрлаш ишлари жадаллаштирилиб, барча ўқув масканларида “диншунослик” фанидан ёшларга сабоқ бериш изчил йўлга қўйилган. Президентимиз таъбири билан айтганда, комилликка эришиш учун, аввало, дунёвий билимларни, қолаверса, диний билимларни эгаллаб бориш мақсадга мувофиқдир.

Бу ҳаётда орзу-интилишимиз, кўзлаган мақсадимиз, қиладиган ишларимиз кўп. Лекин ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, бизнинг энг буюк ва муқаддас вазифамиз –юртимиз истиқлолини, халқимиз эрку озодлигини кўз қорачиғидай асраш, унинг хавсизлигини ҳимоя қилишдир.

  

Азамат УСМОНОВ, 

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири            

 

Read 4908 times

Мақолалар

Top