Мақолалар

Шошқалоқлик оқибати

Кунларнинг бирида 10 ёшли бола кафега кириб, стол ёнига ўтирди. Официант аёл келиб, стол устига стаканда сув қўйди.

Бола ундан: “Шоколадли музқаймоқ неча пул?” деб сўради. Аёл:

“Беш доллар” деб жавоб берди. Бола ҳамёнидан пулларини олиб санай бошлади.

“Яхши. Оддий музқаймоқ неча пул?” деб сўради бола. Ўша ерда кўплаб мижозлар стол бўшашини кутиб турган эдилар. Аёлнинг сабр косаси тўлиб, қўпол оҳангда “Оддийси тўрт доллар” деди. Бола пулини санаб кўргач, “Оддийсидан оламан” деди. Официант аёл болакай сўраган музқаймоқни олиб келиб, ҳисоб чеки билан бирга стол устига қўйиб кетди.

Бола музқаймоқни еб бўлгач, кассага пулни тўлади-да қаҳвахонадан чиқиб кетди. Официант аёл стол устини артиш учун келганда музқаймоқнинг бўшаган идиши ёнида турган бир долларга кўзи тушди.

Ҳа, дўстлар, болакай ўша қўпол муомала қилган аёлнинг хизматини тақдирлаш учун шоколадли музқаймоқ ейишдан ўзини тийиб, оддий музқаймоқ еди. Ортиб қолган бир долларни эса хизматчи аёлга қолдирди. Чунки, боланинг ёнида ҳаммаси бўлиб беш доллар пули бор эди.

Бу қиссада келтирилгандек ҳолат кўпчилигимизнинг бошимиздан ўтган. Одамлар ҳақида нотўғри гумонга бориб, уларга нисбатан қўполлик қилганмиз. Худди аёл боланинг ҳолатига сабр қилолмаганидек биз ҳам баъзи инсонларга нисбатан бесабрлик қиламиз. Болакай пулларини ҳисоблаб, қайси музқаймоқдан есам экан деб ўйланиб турганди. Аммо аёл бунга сабр қилолмади. Овозини кўтариб, унга қўпол муомала қилди. Кейинчалик аёл бир долларга кўзи тушганда хато қилганини англаб етди. Биз ҳам вақт ўтганидан сўнг хато қилганимизни тушуниб етамиз. Бу каби ҳолатлар ишда ҳам, оилада ҳам содир бўлган.

Унутмайлик! Оҳисталикда саломатлик, шошқалоқликда надомат бор.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3290 times

Мақолалар

Top