Мақолалар

Ким эдигу ким бўлдик?

25 йил... Тарих солномалари учун қисқа бўлган бу фурсат Ватанимиз Ўзбекистон учун, унинг заҳматкаш халқи учун асрларга татигулик давр бўлди десак асло янглишмаймиз. Зеро, Истиқлол бизга тақдим этган инъомларни санаб адоғига етиш қийин. Қайси соҳада бўлмасин, шу қисқа давр ичида тарих солномаларига олтин ҳарфлар билан битилажак ўзгаришлар содир бўлганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Диёримиз узра ҳурлик шабадаси эса бошлаган илк кунлардан бошлабоқ шу элнинг ҳар бир вакили ўзиниинг ҳақ-ҳуқуқларига тўлиқ эга бўла бошлаганини, инсон қадру қиммати юксакларга кўтарила бошлаганини ҳам юртдошларимиз юрак-юракдан ҳис этиб турибди. Бугун тили, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар шу юртда истиқомат қилувчи ҳар бир шахс тенг ҳуқуққа эга эканлиги, қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар ўз ибодатларини эмин-эркин бажариши учун кенг имкониятлар мавжудлиги ҳам мустақиллигимиз шарофатидандир.

Маълумки, Ислом неча асрлардан буён юртимиз аҳолисининг асосий қисми эътиқод қилиб келаётган диндир. Мамлакатимизда мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркинликда ибодат қилишлари учун яратиб берилган шарт-шароитлар, жумладан, Исломнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони карим маъноларининг таржимаси ўзбек тилида бир неча баробар нашр этилгани, Ҳадис тўпламларининг таржималари юртдошларимизга қайта-қайта туҳфа этилаётгани, бу соҳада оламшумул ишларни амалга оширган аждодларимизнинг номлари қайта тикланиб, асарлари кенг тадқиқ қилинаётгани,  кўплаб масжидларнинг кўркам ва улуғвор кўринишда қад ростлаётгани, ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж зиёратини амалга ошираётганлари, ҳожиларимизнинг сафарлари ҳар томонлама бехавотир,  кўнгилдагидек кечиши мақсадида юртимиздаги мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир.

Собиқ иттифоқ даври билан таққосланса, бу борада амалга оширилган ишларнинг нақадар улуғвор эканлиги яққол намоён бўлади. Мустақилликдан аввал юртимиздан бир неча нафар кишигагина Ҳаж зиёратини бажариш насиб қилган бўлса, ҳозирги кунда ҳар йили зиёратчиларимизнинг сони 5 мингдан ошаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Юқорида айтиб ўтганимиздек, юртдошларимиз Ислом динининг беш рукнидан бири бўлган Ҳаж ибодатини қулай ва бехавотир бажаришлари учун тегишли идоралар бетиним ҳаракат қиладилар. Ҳажни ният қилган ватандошларимизнинг юртимиздан Саудия Арабистони Қироллигига учиб кетишларидан тортиб, у ерда улар учун кўркам ва шинам меҳмонхоналар, ҳар томонлама қулай жиҳозланган, жаҳон стандартларига жавоб берадиган шароитларга эга хоналарнинг ажратилиши, саломатликларининг мунтазам назоратда эканлиги, зиёратларни ўз вақтида бажаришлари учун энг замонавий транспорт воситаларининг шайлиги, ва ниҳоят Ватанимизга соғ-омон қайтиб келишлари ушбу идораларнинг тинимсиз меҳнатлари самараси бўлиш билан бир қаторда истиқлолнинг бизга туҳфа этган инъоми натижасидир.

Шу кунларда Саудия Арабистони Қироллигининг муқаддас шаҳарларида диллари фахр ва ифтихорга лиммо лим бўлган юртдошларимиз ҳам мустақилликнинг бу инъомидан беҳад хурсанддирлар. Ватанимизнинг   25 йиллик байрами арафасида зиёратчиларимиз юртимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлишини, тўкин дастурхон атрофида кексаларимизнинг эзгу дуолари янграб туришини, оналарнинг аллалари, фарзандларимизнинг шодон кулгуси ҳамиша хонадонларимизни яшнатиб туришини чин дилдан тилаган ҳолда ўз ибодатларини амалга оширмоқдалар. Шу билан бирга уларнинг дилларида яна бир олий ният борки, мустақиллигимиз абадий бўлиб, унинг шарофатидан ота-боболарига армон бўлган, аммо бугун ўзларига насиб этган бу ёруғ кунлар фарзандларига ҳам насиб этсин. Бинобарин, Моҳира Норинбоева (Тошкент вилояти, 4-гуруҳ) бу ҳақида шундай дейди, - Менга бундай улуғ ҳаж ибодати насиб қилиб турганидан аввало Парвардигор шукрона ва алалхусус муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу ерда турар эканман оилам, қавму қариндошларим, маҳалла кўйим ва асосийси халқимнинг фаровонлигини сўраб илтижолар қилмоқдаман. Шунингдек, Муаззам Эрматова (Тошкент шаҳар, 4-гуруҳ) ҳам ўз дил сўзларини билдириб ўтди, - Мен турмуш ўртоғим Машраб Эрматов билан мана шундай муқаддас ерларга келганимдан беҳад мамнунман. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч. Тинч юртдагина мана шундай улуғ сафарлар бўлади. Шу сабабдан, менинг қалбимнинг туб-тубидаги ниятим илоҳим Она Ватанимнинг мустақиллиги, ҳурлиги абадий бўлсин, халқимиз соғ ва омон, ҳаётимиз бунданда фаровон бўлсин, улғайиб келаётган ёшларимиз ота-боболаримиз сингари буюк алломалар бўлиб вояга етишларини Аллоҳдан сўраб илтижолар қилмоқдаман. 

Зиёратчиларимизнинг бу соф ниятлари амалга ошишига биз ҳам тилакдошмиз.

 

Read 7623 times

Мақолалар

Top