Мақолалар

Набулсий айтадилар...

 Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

يَسْأَلُهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ كُلَّ يَوْمٍ هُوَ فِي شَأْنٍ

 “Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (ҳожатларини) Ундан сўрар. Ҳар куни У (тинимсиз) фаолиятдадир” (Ар-Роҳман сураси, 29-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар куни тинимсиз фаолиятдадир. Гуноҳни кечиради, ғамни аритади, ташвишни кетказади, синиқ кўнгилларни шод қилади, камбағални бой қилади, адашганни ҳидоят қилади, қаёққа боришини билмай ҳайрон бўлиб турган кимсага йўл кўрсатади, қийналганга ёрдам беради, очни тўйдиради, ялонғочни кийинтиради, беморга шифо беради, балога учраганга офият беради, тавба қилувчининг тавбасини қабул қилади, яхшилик қилувчига мукофот беради, мазлумга нусрат беради, золимни хонавайрон қилади, авратни тўсади, хавфни кетказиб, омонлик беради, баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради, баъзи қавмларнинг даражасини туширади. 

***** 

Аччиқ ҳақиқат ёқимли ваҳм (гумон, хаёл, тасаввур)дан минг марта яхшидир. 

***** 

Бахт-саодат мол орқали эмас, Аллоҳ азза ва жаллага боғланганигда (Унинг ибодатида бардавом бўлганингда) келади. Агар Аллоҳ таолонинг бандаларига яхшилик қилсанг, Аллоҳ Шакур (бандасининг оз амалига кўп мукофот берувчи)дир. У Зот сенга кўп неъмат ато этади.

***** 

Осмонлар ва ер ҳақида тафаккур қилиш Аллоҳни танишнинг энг қисқа йўли ва Аллоҳ таолонинг маърифати сари кирадиган энг катта эшикдир. 

***** 

Тавозеънинг аломати – ҳаққа бўйин эгишинг, уни кичик боладан эшитсанг ҳам қабул қилишингдир.

 

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 2732 times

Мақолалар

Top