Мақолалар

Гуноҳлар неча хил бўлади?

Гуноҳлар уч хил бўлади: кечириладиган, кечирилмайдиган, тарк қилмай сўраладиган гуноҳ.

Кечириладиган гуноҳ – Аллоҳ таолонинг ҳаққида қилинган гуноҳ. Масалан, намоз ўқимаслик, узрсиз рўза тутмаслик, қодир бўла туриб ҳажга бормаслик, ароқ ичиш каби.

Кечирилмайдиган гуноҳ – Аллоҳ таолога ширк келтириш. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир» (Нисо сураси, 48-оят).

Қўймай, тўхтатмай сўраладиган гуноҳ – бандаларнинг ҳаққида қилинган гуноҳ. Масалан, бировдан олинган қарзни адо этмаслик, бировнинг ҳаққини бермаслик ва ҳоказо.

Биз ҳамма гуноҳлар кечирилади деб ўйлаймиз. Аммо гуноҳлари кечирилади деган мазмундаги барча ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ҳаққида содир этилган гуноҳлар назарда тутилаётган бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар». Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Ихлос билан қилинган ҳаж банданинг Аллоҳ таоло ҳаққида қилган гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлади. Аммо бандаларнинг ҳаққида қилган гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлмайди. Бу гуноҳлар кечирилиши учун инсон ўша ҳақдорнинг олдига бориб, унинг розилигини олиши ёки қарзини адо этиши керак.

Гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги мана бу ҳадисга эътибор берайлик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади»,  дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда айтилаётган гуноҳлар ҳам Аллоҳнинг ҳаққида содир этилган гуноҳлардир, бандаларнинг ҳаққига тегишли гуноҳлар эмас. Ҳа, ихлос билан тутилган рўза банданинг ҳаққига тегишли гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлмайди. Ҳатто шаҳид бўлган одам бировдан қарз бўлса, то қарзи адо этилмагунича у ҳам жаннатга киролмай туради.  

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ шаҳиднинг қарзидан бошқа ҳамма нарсасини кечади”. Имом Муслим ривояти.

Ҳа, қарзни адо қилиш жуда муҳимдир. Аллоҳ таоло банда то одамлардан олган қарзидан қутилмагунча уни мағфират этмас ва жаннатига киритмас экан.

Қарзни олаётганда ниятнинг бузилиши ҳам кишининг оғир аҳволда қолишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”. Имом Бухорий ривояти.

Азизлар, аввало, Роббимизнинг буюрганларини ўз вақтида адо этиб, қайтарганларидан қайтишга астойдил уринайлик! Қолаверса, одамлардан олган пулларимизни тезроқ эгаларига қайтариб бериш пайидан бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳларнинг ҳамма туридан сақлаб, Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни насиб этсин, омин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3588 times

Мақолалар

Top