Мақолалар

Савоби ҳажга тенг бўлган амаллар

Оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Анбиё ва расулларнинг сўнггиси бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммадга ҳамда у зотнинг оила аъзоларию саҳобаларига дуруд ва саломлар бўлсин!

Ҳаж – ҳожининг ҳаётидаги янги туғилиш, янги бошланиш ва янги даврдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади”[1], деганлар.

Ҳа, ҳожи ҳаж ибодатидан онаси туққан кундаги каби гуноҳлар ва маъсиятлардан пок-покиза бўлиб уйига қайтади. Жаннат башоратини олиб ватанига қайтади. Мана шундай руҳият, мана шундай ҳиссиёт билан ўз юртига қайтган ҳожини бир кўз олдингизга келтиринг-а: у замин устида худди жаннат аҳлидан бўлган кишилардек юради. Бегуноҳ фаришталардан биридек гуноҳлардан покланиб, бегуноҳ бўлиб юради. Мана шундай фазилат, мана шунингдек неъмат Аллоҳ таолога шукур қилишга, тоат-ибодатни кўпайтиришга, шундай буюк амални ҳар йили такрорлаб туришга арзимайдими?! Албатта арзийди. Аммо...

Мусулмон одам бир йилда бор йўғи бир мартагина ҳаж қилиш имконига эгадир. Ҳажнинг савоби улуғ бўлгани боис агар иложи бўлса, ҳар йили ҳаж қилсам дейди. Бироқ у ҳар йили ҳаж қилишга қанчалар иштиёқманд бўлмасин қилган ҳажларининг адади ўз умрининг йиллари ададидан кўпроқ бўла олмайди. Шунинг учун бўлса керак, бирон бир мусулмон ҳақида “фалончи эллик марта ҳаж қилган”, деб эшитсак бунинг маъноси шу бўладки, у таваллуд топганидан бошлаб ҳар йили бир марта ҳаж қилган, деб фараз қиладиган бўлсак унинг умри эллик йилдан кам эмас экан.

Аммо мусулмон банда ўзининг ҳаёт йилларидан кўпроқ ҳажларнинг савобини қўлга киритиши мумкинми? Бошқача таъбир билан айтадиган бўлсак, банда қандай қилиб минг ёки беш минг марта ёхуд ундан кўпроқ ҳаж қилганнинг савобига эришиши мумкин?

Бунинг йўли бор ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг савоби ҳажнинг савоби билан баробардир, деб айтиб кетган солиҳ амалларни қилишга иштиёқманд бўлишдир. Хўш, у ҳолда савоби ҳажнинг савобига тенг бўладиган ўшандай амаллар борми? Бор, албатта. Ҳозир мен сизга савоби ҳажнинг савоби билан баробар бўлган бешта амални айтиб бераманки, савобларимизни кўпайтириб, тарозимизни оғир қилиб олишимиз учун уларни бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туҳфа қилиб кетганлар. Кимки мана шу амалларни кўп қиладиган, масалан, минг марта ҳаж қилганнинг савобини қўлга киритадиган бўлса, демак, у минг йил яшаган ва ҳар йили бир марта ҳаж қилган бўлади.

Биринчи амал: Рамазонда умра зиёратини амалга ошириш:

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Рамазонда қилинган бир умра бир ҳаж билан баробардир”[2], дедилар”. Бошқа бир ривоятда эса: “Мен билан бирга қилган ҳаж билан баробардир”, деганлар.

Иккинчи амал: ҳар йили шахсий давлатидан бир нечта одамларни ҳажга юбориш:

Агар ҳажнинг савобини олмоқчи бўлсангиз, у ҳолда сизда ҳаж қилишни орзу қилиб, шу орзуси ушалмай юрган инсонларни излаб топиш ва ўз ҳисобингиздан ҳажга юбориш имконияти мавжуд. Бу иш орқали сиз ўз уйингизда ўтириб ҳам ҳажнинг савобини қўлга киритасиз. Қолаверса, ана шу ҳажнинг савобини ота-онангиздан бирига бағишлаб юборишингиз ҳам мумкин. Бу билан сиз ҳаж қилдирганлик савобига ота-онага яхшилик қилганлик, уларни ўзингиздан устин қўйганлик савобини ҳам қўшган бўласиз. Чунки, ҳажнинг савоби вафот этиб кетган кишига бориб етади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўзининг кофир ҳолда ўлиб кетган бобосининг номидан садақа қилмоқчи бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қул озод қилганликнинг савоби марҳумга бориб етиш-етмаслиги ҳақида сўраганида у зот: “Агар марҳум мусулмон банда бўлган бўлса ва сизлар унинг номидан  қул озод қилсангиз ё унинг номидан садақа берсангиз ёки унинг номидан ҳаж қилсангиз, ўша нарса унга етиб боради”[3], дедилар.

Учинчи амал: ишроқ намозини ўқишда бардавом бўлиш:

Бу хусусда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай келган:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунига қадар Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнгра икки ракаат намоз ўқиса, унинг учун бир ҳаж ва бир умранинг савобидек савоб бўлади”, дедилар”. Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўлиқ. Тўлиқ. Тўлиқ”, дедилар”[5].

Утба ибн Абд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Бомдод намозини жамоат билан адо этса, сўнг ўша ерда ўтирса, ҳатто Аллоҳ учун Зуҳо намозини ўқиса, унинг учун ҳаж ва умраси тугал бўлган ҳаж ва умра қилгувчининг савобидек савоб бўлади”, дедилар”[6].

Суннатнинг мана шунисига амал қиладиган одамлар жуда ҳам озчиликдир. Бунинг бир қатор сабаблари бор ва уларнинг энг асосийси туннинг ярмидан кўпига қадар бедор ўтиришдир. Бу нарса, албатта, қуёш чиққунга қадар масжидда ўтириб, ана шу Зуҳо намозини адо этишга тўсиқ бўлади. Шундай экан, сизу биз бир ҳаж ва бир умардек мана шундай буюк савобни қўлга киритишимиз учун кўмак бўладиган сабабларни маҳкам ушлашимиз лозим. Лоақал дам олиш кунларида бўлса-да, шу ҳадисга амал қилиб қўйишимиз керак. Чунки ишга боришим керак, дарсга боришим керак каби ҳар хил баҳоналар бўлмайди у кунда. Ана шундай қилсак ҳар ҳафта иккита ҳаж ва иккита умранинг савобига эга бўламиз. Худди икки йил яшаган ва шу икки йил ичида бир мартадан ҳаж ва умра қилган бўламиз.

Уйида намоз ўқийдиган ва Бомдодни масжидда жамоат билан ўқиб, қуёш чиққунигача зикр қилиб ўтириб, Зуҳо намозини ўқиб, мана шу савобга эга бўлишга иштиёқманд муслима аёлларимиз нима қиладилар? Улар уйларида намозни ўқийдилар, қуёш чиққунига қадар жойнамозлари устида зикр қилиб ўтирадилар сўнгра икки ракаат намоз ўқийдилар. Ана шунда айрим уламолар айтиб ўтганлари каби улкан ажру савобларга эга бўладилар. Модомики, бомдод намозини ўқиган жойида қуёш чиққунигача Аллоҳни зикр қилиб ўтирар экан худди мусулмон эрлар сингари тугал бир ҳаж ва умранинг савобига эга бўладилар дея Аллоҳдан умид қиламиз. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон аёлнинг ўз уйида ўқиган намози унинг масжидларда ўқиган намозидан кўра яхшироқ эканини баён қилиб кетганлар.

Тўртинчи амал: масжидларда бўладиган амру маъруфларда ҳозир бўлиш:

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ким масжидга борса, у ерда яхшиликни таълим олиш ёки таълим беришдан бошқа истаги йўқ бўлса, унга қилган ҳажи мукаммал бўлган бир ҳожининг савобидек савоб берилади”, дедилар”[7].

Демак, масжидларда бўладиган ҳар битта амру-маъруфларда иштирок этадиган бўлсак мукаммал бир ҳаж қилганнинг савобига эга бўламиз экан.

Мана шундай амру-маъруфларда иштирок этишга дангасалик қиладиган кишиларни кўрамиз. Агар бирортамизга саёҳатга чиқиш ва минг километр узоқликда турган бирор ажойиб нарсани кўриб келиш таклифи берилса, албатта ўша ерга борамиз. Аммо ўзимиздан бир неча қадам масофада турган масжидда амру-маъруф бўлаётганини эшитиб қолсак, ўша ерга боришга дангасалик қиламиз, пайсалга соламиз. Фалон масжидда амру маъруф бўлар экан, хатми Қуръон бўлар экан деб эшитсак ҳам эътиборсизларча муносабатда бўламиз.

Салафи солиҳларимиз – раҳимаҳумуллоҳ – илм талаб қилиб узоқ сафарларга чиқишган. Бугун эса одамларга дарс ўтаман, амру маъруф қиламан, улар билан илмий суҳбат олиб бораман, деб, узоқ масофалардан уламоларнинг ўзлари келишаяпти. Аммо бизда ўша ерга боришга қизиқиш йўқ. Ахир илм талабида ўз уйидан чиққан киши то уйига қайтиб келгунига қадар Аллоҳнинг йўлида бўлишимизни биламизку?! Одамлар Аллоҳни зикр қилиш учун тўплансалар, сўнг ундан тарқаладиган бўлсалар, уларга қарата “Гуноҳларингиз кечирилган ҳолда ўрнингиздан туринг”, дейилишини билмаймизми?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким илм талабида бир йўлга чиқадиган бўлса, Аллоҳ унинг учун жаннатга олиб борадиган йўлни осон қилиб қўяди”, деганларини кўп бора эшитганмизку.

Бундан ташқари масжидларда бўладиган амру маъруфларда иштирок этганимиз учун тўлиқ бир ҳажнинг савобига эга бўлишимиз бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзлари билан бизга худди шундай башорат берганлар:

“Ким масжидга борса, у ерда яхшиликни таълим олиш ёки таълим беришдан бошқа истаги йўқ бўлса, унга қилган ҳажи мукаммал бўлган бир ҳожининг савобидек савоб берилади”[8].

Шундай экан илм мажлисларига бориб, динимиз аҳкомларини таълим олсак бизга муносиб иш бўлади. Савоби ҳажнинг савобига баробар келадиган амалларга, шундай  ишларни кўпроқ қилишга иштиёқманд бўлсак тўғри иш қилган бўламиз. Шуни англаб олишимиз лозимки, бундай амаллар бизнинг зиммамиздаги фарз ҳажни соқит қилмайди, албатта. Бизнинг савобларимизни зиёда қилади, холос.

Савоби ҳажнинг савобига баробар бўлган амалларнинг сўнгиси – бешинчиси бу: фарз намозларни масжидда адо этиш:

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Ким уйидан таҳорат олган ҳолда фарз қилинган намоз(ни адо этиш учун масжид)га чиқадиган бўлса, унинг ажру савоби худди эҳромдаги ҳожининг ажру савобидекдир. Ким Зуҳо намозига чиқадиган бўлса, Зуҳо намозидан бошқа  мақсади йўқ бўлса, унинг ажру савоби умра қилгувчининг ажру савобидекдир. Ўртасида беҳуд гап-сўзларни қилмай намоз орқасидан намоз ўқиш иллиййинда ёзиб қўйиладиган (яъни мақбул) бир амалдир”[9].”

Мазкур ҳадиси шариф масжидда жамоат билан ўқилган намознинг яна бир савобига далолат қилмоқда. Яъни, ҳаммамизга маълумки, қаерда бўлса ҳам, ҳатто уйда оила аъзоларимиз ёки уйга келган меҳмонларимиз билан жамоат бўлиб фарз намозни адо этадиган бўлсак йигирма етти даража савобга эга бўламиз. Аммо мана шу намозни масжидда ўқишга ҳаракат қилган одамнинг савоби тўлиқ бир ҳажнинг савобига қадар бориб етади.

Мана шу нарсани фарз намозларни масжидда ўқишга дангасалик қиладиган кўпчилик мусулмонлар билмайдилар. Биз  намозни жамоат билан адо этаяпмиз, бинобарин, йигирма етти даража саобга эга бўламиз, деган важ билан  уйда ёки бирор йиғинда тўпланиб, намоз ўқиётганларини кўрамиз. Аслида улар жуда ҳам катта савобдан маҳрум бўлаётганларини билмайдилар. Бундан ташқари намоз ўқиш учун сабабсиз масжидга чиқмаганларнинг ўқиган намозлари қабул бўлмаслиги ёхуд ажру савоби мукаммал бўлмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришлар мавжуд. Ана шулардан бири Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифдир:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким азонни эшитиб, масжидга келмайдиган бўлса, унинг намози йўқдир. Узри бўлса, бундан мустаснодир”, дедилар”[10].

Ҳақиқатда фарз намозларни масжидда адо этишга иштиёқманд бўлган мусулмон ҳар куни бешта ҳажнинг, бир йилда тахминан 1800 та ҳажнинг, ўн йилда ўн саккиз мингта ҳажнинг савобига эга бўлади ва ҳоказо.

Намоз вақти телевизор қаршисида ёки интернетда ўтирадиган кишилар бундай буюк савобни англаб етганларида эди! Шунда ҳам улар масжидда жамоат билан намоз ўқишга рағбат қилмасликлари мумкинми?!

Мусулмон одам намоз ўқийман деб, уйидан чиқадиган бўлса, устидан яхшиликлар мўл-кўл бўлиб ёғилади. Босган ҳар бир қадами учун бир яхшилик ёзилади. То уйига қайтиб келгунига қадар фаришталар унинг учун истиғфор айтиб турадилар. Уйидан чиққан лаҳзадан бошлаб намоз ўқишнинг савоби ёзилиб боради. Ўқиган намозининг савоби йигирма етти даража кўпайтириб берилади ва тўлиқ бир ҳажнинг савобига ҳам эга бўлади.

Аллоҳ таолонинг фазлу карамига, ўзимизнинг эса бу ишлардаги нуқсонимизга бир эътибор беринг-а?!

Аллоҳ таоло бачамизга тоат-ибодатларни осон қилиб ва зийнатлаб қўйсин. Ўзимизнинг охиратимиз учун зарур бўлган мана шундай савобли ишларни кўпроқ қилиб олишимизда мададкоримиз бўлсин ва бизларга тавфиқ берсин. Бизларга ана шундай савобли амалларнинг башоратини бериб кетган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга сон-саноқсиз дуруд ва саломлар бўлсин.

Диний манбалар асосида имом Бухорий халқаро  илмий тадқиқот маркази кичик илмий ходими Алоуддин Ҳофий тайёрлади.

 

 

         

 

[1] Имом Бухорий (1521) ва Имом Муслим (1350) ривояти.

[2] Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти.

[3] Абу Довуд ривояти.

[5] Имом Термизий ривоят қилган.

[6] Ат-тарғиб ват-тарҳибда келган. Саҳиҳ.

[7] Табароний, Ҳоким, Абу Нуайм, Ибн Асокирлар ривояти. Саҳиҳ.

[8] Табароний, Ҳоким, Абу Нуайм, Ибн Асокирлар ривояти. Саҳиҳ.

[9] Абу Довуд ривояти. Саҳиҳ.

[10] Ибн Можа ривояти. Саҳиҳ.

Read 8076 times

Мақолалар

Top