Мақолалар

“...АЛЛОҲ УЧУН БАЙТНИ ҲАЖ ҚИЛИШ”

“Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш(фарзи) бордир” (Оли Имрон, 97). Ушбу ояти каримага кўра ҳаж қодир бўлган кишиларга умри давомида бир марта адо этиш фарз ибодатдир.

Уламолар фикрича, ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирида ҳаж амали фарз қилинган. Ўша дамдан то ҳозирги кунимизгача, ҳар йили зулҳижжа ойида бутун ер юзидаги қодир бўлган мусулмонлар Каъбатуллоҳга ҳам молиявий, ҳам жисмоний, ҳам руҳоний амал ҳисобланувчи ушбу ибодатни адо этиш учун тўпланадилар.

Эҳромда бўлиш, Арафотда туриш ва Ифоза тавофини қилиш каби фарзларни тўлиқ ихлос билан адо этган мўминга Аллоҳ таоло улкан савобларни ваъда қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ фарз қилгани ва унга улкан савоблар ваъда қилингани туфайли ҳам ҳар бир мўмин умри давомида бир бор бўлсин, ўша муборак масканларда – Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлиш, Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиш, ўқилган бир ракат намоз учун юз минг ракат савоби ваъда қилинган Масжидул Ҳаром,  бир ракат намоз учун минг ракат намознинг савоби ваъда қилинган Масжиди Набавийда Аллоҳ қодир айлагани қадар ибодат қилишни ўзининг энг олий мақсади деб билади.

Асрлар давомида кўнглида ана шундай олий орзу-истак билан яшаган аждодларимизнинг ушбу самимий орзуси Аллоҳга шукрлар бўлсинки, истиқлол туфайли амалга оша бошлади. Истиқлолнинг илк дамлариданоқ, ҳаж ва умра ибодатларини юксак савияда ташкил қилиш, мўмин-мусулмонларга ибодатларини энг яхши шароитларда адо этишлари учун имкон яратишга катта эътибор қаратилди.

“Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши” нинг қарорлари ҳамда тавсиялари асосида ташкил этилаётган ушбу ибодатларни юртдошларимиз ўтган йиллар мобайнида энг яхши шаротиларда адо этиб қайтдилар.

 Ўрнатилган тартиб-қоидага кўра, ҳаж ва умра сафарига чиқиш истагида бўлган юртдошларимиз, аввало, тиббий кўрикдан ўтказилиб, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг тавсиясига кўра касалликларга қарши вакцинация қилинадилар. Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ҳаж вазирлигининг тавсиялари билан барча зиёратчиларни таништириб ўтади. Шунингдек, зиёратчиларга махсус йўл халталари, ибодатни бехато адо этишларида кўмакдош бўладиган Ҳаж ва умра қўлланмалари тарқатилади. Кўрилган ушбу чора-тадбирлардан сўнг юртдошларимиз сафарга жўнаб кетадилар.

Бу йил ҳам, зиёратчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “БОИНГ” русумли ҳаво кемаларида Тошкент, Наманган, Бухоро, Урганч, Қарши ва Самарқанд шаҳарларидан амалга оширилилган чартер рейсларда 24 август – 4 сентябрь кунлари муборак заминга жўнаб кетдилар.

Ҳаж ва умра мавсуми чора-тадбирлари ҳам ҳар галгидек, юксак савияда ташкил этилди. Зиёратчиларимиз шинам ва кўркам, барча шароитлар мавжуд меҳмонхонага жойлашдилар. Ишчи гуруҳ таркибида бўлган ошпазлар томонидан уч маҳал миллий таомлар билан таъминланмоқдалар. Шифокорлар ҳам ҳожиларнинг саломатлигини назорат қилиб туришибди. Элликбоши ва юзбошилар эса ҳар йилгидек ўз гуруҳидаги ҳар бир зиёратчига масъул бўлиб, ибодатларни мукаммал адо этишларида уларга кўмакдош бўлмоқдалар. Бунинг натижасида, юртошларимиз ибодатларини адо этиб, ҳеч қандай талафотларсиз омон-эсон оиласи бағрига қайтмоқдалар.

Ишнинг ана шундай, ҳар бир жиҳатга эътибор берган ҳолда, юксак савияда ташкил этилгани ҳар йили Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан эътироф этилмоқда.

Ҳар йили бўлганидек, бу йил ҳам беш мингдан зиёд юртдошларимиз муборак заминда бўлиб, динимизнинг бешинчи арконини адо этиш бахтига сазовор бўлмоқдалар.

Таъкидлаш жоиз, ҳаж ва умра зиёратининг мукаммал ташкил этилиши, ўтган 25 йил мобайнида неча минглаб мўмин-мусулмонларнинг кўнглидаги ана шу самимий орзунинг амалга ошиши албатта, юртимизда динимизга берилган кенг имкониятларнинг натижасидир.

 

Read 4566 times

Мақолалар

Top