Мақолалар

Саломни кўпайтирайлик!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَإِذَا حُيِّيْتُم بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّواْ بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيباً

“Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир”. (Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир.) (Нисо сураси, 86-оят).

Бу ояти каримада саломга ўзидек қилиб ёки ундан зиёдароқ, яхшироқ алик олиш кераклиги баён этилмоқда. Биров бизга “Ассалому алайкум” деб салом берса, сиз унга “Ва алайкум ассалом” ёки “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ” ёки бўлмаса “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб алик олишимиз лозим бўлади. Ҳар ҳолда жавобимиз унинг саломидек ёки ундан ортиқроқ бўлиши керак. Бордию “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом берган кишига “Ва алайкум ассалом” деб алик олсак, “ва роҳматуллоҳ”ни қўшмасак, алик олишдан нуқсонга йўл қўйган бўламиз. Хўш, аслида саломни қандай лафзлар билан бериш керак? 

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Ассалому алайкум” (Сизга саломатлик бўлсин!) деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига алик олдилар ва “Ўнта” дедилар. Кейин яна бир киши келди-да, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” (Сизга саломатлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!) деди. У зот алайҳиссалом унинг ҳам саломига алик олиб, “Йигирмата” дедилар. Кейин бошқа бир одам келиб, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” (Сизга саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!) деб салом берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қайтардилар-да, “Ўттизта” дедилар”. Имом Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган ва Термизий: “Ҳасан ҳадис” деган.

Ушбу ҳадиси шарифда салом бериш лафзи, қандай услубда салом бериш кераклиги ҳамда уларга бериладиган ажру савоблар зикр қилинмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ассалому алайкум” деган саҳобанинг саломи учун ўнта яхшилик, савоб ёзилгани, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом берган саҳобанинг саломига йигирмата савоб берилгани, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб салом берган саҳобанинг саломи учун ўттизта ҳасана ёзилганини маълум қилдилар.

Демак, салом беришда лафз кўпайиши билан унинг савоби ҳам кўпаяр экан. Биз ҳам кишиларга салом бераётганимизда савобни кўпроқ қўлга киритиш пайидан бўлишимиз, эринмасдан “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб салом беришни кенг жорий этишимиз керак. Ана шунда ҳамма жой ҳасанага тўлиб, яхшиликлар, баракалар зиёда бўлади. Қолаверса, инсонлар орасида ўзаро меҳр-оқибат кучаяди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифда “Ораларингизда саломни кенг ёйинглар, бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар” деб марҳамат қилганлар.

Саломлашиш орқали кишиларнинг қалбига йўл топилади, уларнинг кўнгиллари юмшайди, ўртадаги таранглик йўқолади.

Саломни кенг жорий этиш орқали инсонлар ўртасидаги низо ва нафратларга барҳам берилади, энг муҳими, салом беришдек суннат ва алик олишдек вожиб амални бажарилгани учун кўплаб савобларга эришамиз.

Аллоҳ таоло бизни саломни чиройли кўринишда берувчи ва саломга гўзал тарзда алик олувчилардан қилсин!

 

Мақолани Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3750 times

Мақолалар

Top