Мақолалар

Шунчалик оғир юк Ерга қулаб тушмайди!

Қуръони Каримда “само” сўзининг бир неча маънолари бор. Само деганда биз кўпроқ осмонни тушунамиз. Луғатларга эътибор берсак, “само” сўзининг қуйидагича маънолари борлиги маълум бўлади:

  • Фалак;
  • Биздан тепадаги ҳар бир нарса;
  • Биздан юқорида, бизни соябондек ўраб турган нарса;
  • Булутлар;
  • Ёмғир.

Биздан юқорида, бизни ўраб турган ҳаво қобиғи – атмосфера ҳам “само” сўзининг маъноларидан биридир. Маълумки, булутлар ташкил топиши ва ёмғир ёғиши айнан атмосферада содир бўлади. Соҳа олимлари атмосфеаранинг вазни жуда юқори бўлиб, у ушбу оғирлиги билан ерга қулаб тушишидан огоҳлантирмоқдалар. Унинг вазни 5 квинтиллион (5 рақамидан кейин 18 та нол) килограм экан. Ушбу улкан оғирликдаги ҳаво қобиғи тортишиш ва зичлик қонуниятлари сабабли ерга қулаб тушмаслиги айтилади.

Олимларнинг айтишича, агар ушбу қонуниятлардан бирида ўзгариш, бузилиш юз берса, атмосфера қобиғи ўзидаги ҳаво ва сувли булутлари билан бирга ерга қулаб тушиб, ерда ҳаётнинг тугашига сабаб бўлиши мумкин экан.

Маълумки, Қуръони Карим нозил бўлган пайтда бирорта одам Ернинг атмосфера деган қобиғи ниҳоятда оғирлигини, унинг ерга қулаб тушишини билиши у ёқда турсин, ҳатто ҳаво қобиғи ҳақида тасаввурга эга эмасди. Лекин ўша пайтда нозил бўлган Қуръон мана ўн тўрт асрдан бери ҳаво қобиғининг нега қулаб тушмаслигини айтиб келади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ وَالْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِأَمْرِهِ وَيُمْسِكُ السَّمَاء أَن تَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ إِلَّا بِإِذْنِهِ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَؤُوفٌ رَّحِيمٌ

“Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир”. (Инсоф билан фикр ишлатиб қаралса, Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.) (Ҳаж сураси, 65-оят)

Бу оятда Аллоҳ таоло осмонни (унинг бир маъноси атмосфера) ерга қулаб тушишидан тутиб туришини баён қиляпти. Ҳа, У Зот устимиздаги ҳаво қобиғини бошимизга тушишидан ва бизни ҳалок қилишидан сақлаб туради. Чунки, Роббимиз одамларга шафқатли ва меҳрибондир!

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 

Read 3137 times

Мақолалар

Top