Мақолалар

“Хафа бўлиш йўқ”ми ё бор??

Юртимизда барча соҳалар қатори телевидение соҳасига ҳам кенг имконият берилди. Кўплаб янги кўрсатувлар ташкил бўлди. Маҳатма Ганди: “Мен деразамни очсам, тоза ҳаво билан бирга чанг ҳам киради”, – деганидек, кўплаб яхши кўрсатувлар қатори, ўзбек халқи урф-одат ва одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган бир нечта кўрсатувлар ҳам пайдо бўлди. Улардан бири “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатуви.

Кун сайин у каби кўрсатув ва видеороликлар сони ортиб бормоқда. Уларда ўзбек халқи ва менталитетига умуман ярашмайдиган ссенарий ишланган. Улар оммалашиб кетишидан олдин тартибга солиш керак. Чунки кўринишидан кўнгилочар ва қувноқ бир кўрсатув бўлгани билан, аслида эса у яхшиликка олиб борадиган, оқибати ижобий бўладиган ишлардан эмас. Уларни кўпчилик, улар қатори ёш авлод, болалар ҳам ортидаги салбий оқибатларини англамай томоша қилиб ўтиришмоқда. Болалар у каби кўрсатувларни кўриб ўтирар экан, эртага ўзимизни устимиздан куладиган, бировнинг шахсиятини ҳурмат қилмайдиган инсон бўлиб етишиши ҳеч гап эмас. Бугун у ишларни оддий ҳолат деб кўриб ўтиришмоқда, эртага эса ортидан эргашиб ўзлари ҳам шу ишни қилишади.

Тўғри, Ғарбда бу каби видео ва кўрсатувлар кўп ва уларнинг томошабинлар аудиторияси ҳам кўпдир. Аммо, бу дегани биз ҳам ундай кўрсатув ва видеороликлар ишлаб, томошабинларимиз сонини кўпайтиришимиз керак дегани эмас. Марҳум, биринчи Президентимиз И.А.Каримов айтганларидек: “Шарқда ўзига хос демократия”. Бизга ғарбнинг барча ишлари тўғри келавермайди. Ислом маданияти билан суғорилган ўзбек халқига бировнинг устидан кулиш эвазига аудиторияни кўпайтириш ярашадиган иш эмас. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг муборак ҳадиси шарифларида шундай дейдилар:

“Бирингиз биродарингизни нарсасини ўйнашиб ёки ҳазиллашиб олмасин. Агар бирингиз биродарининг нарсасини олса, бас унга қайтарсин”.
Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти.

Шунингдек, одам устидан кулиш ҳақида:

“Биродарингизга ғазабланманг, уни мазаҳ қилманг ва унга ваъда бериб, хилоф қилманг”, – деганлар.
Имом Термизий ривояти.

Ҳадисларнинг мазмунига эътибор берсак, юқорида айтилган кўрсатув ва видеолар яхши эмаслиги кўринади. Бундай иш мусулмон шахсга ҳеч ҳам ярашмайди. Қолаверса, кўрсатувда устидан кулинаётган ва аҳмоқ қилинаётган инсонга охирида совға ҳам беришар экан. Агар ўша инсондан калаки қилинишидан олдин: “Биз ҳозир видеога олган ҳолда шундай шундай иш қиламиз, сўнг у видеони бутун дунёга эълон қиламиз. Эвазига эса сизга бир совға берамиз, шунга розимисиз?”, – деб сўралса, у ҳеч қачон рози бўлмайди. Ким бутун дунё нигоҳида аҳмоқ бўлишни хоҳлайди? У бечоралар эса жаҳли чиққанидан бир-бирлари билан муштлашиб кетишмоқда, ёки қўрққанидан юраги ушлаб қолмоқда. Бу яхши иш эмас албатта.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ўзбек халқи доим барча ишларда бутун дунёга ўрнак бўлиб келган. Шундай бўлиб қолиши керак ҳам. Бу видео ва кўрсатувларнинг баъзи салбий оқибатини айтиб ўтдик холос. Фақатгина улар эмас, бошқа салбий оқибатлари ҳам бор. Биз ундай ишлардан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.

Аллоҳ хайрли ишларимизда Ўзи мададкор бўлсин

 

4-курс талабаси
Нажмиддинов Бахтиёр

Манбаhttps://islaminstitut.uz

Read 4334 times

Мақолалар

Top