Мақолалар

Оми мўмин ҳам ақли салим эгасидир

"Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир"[1].

Мўмин киши жуда ақллидир, зуккодир, зийракдир. Мактаб-мадраса кўрмаса ҳам, унинг ақли имон нури ила ҳар нарсани идрок эта олади. Айни вақтда қобилиятли, тадбирли, ўз ишининг устасидир. Баъзи докторларни маҳоратли, ўз ишининг мутахассиси деб мақтаганимиздек, мўмин ҳам шундайдир. Фатонат – Қуръоний ва маънавий сирлардан воқиф бўлиш орқали яхши-ёмонни, имонсизларнинг ақллари етмаган нарсаларни тез фаҳмлайдиган қобилият демақдир. Бу хислат фақат имон аҳлига хос. Масалан, куфр аҳли ва динсизлар ақл бовар қилмайдиган турли хил илм, санъат ва маҳоратга эга. Аммо, афсуски, ҳақ билан ботилни фарқлай оладиган қобилиятлари бўлмаганидан, кўра-била туриб ўз қўллари билан ясаганлари бут-санамларга сиғиниб, урф-одат дея қилган ботил қилмишларини англамайдилар. Улар роҳибларнинг сўзларига алданиб, Аллоҳга ибодат қилиш ўрнига, бутларга сиғинадилар. Бундан ҳам оғирроқ аҳмоқона иш бўладими? Шу боисдан мўмин киши, ўткинчи дунёси учун эмас, балки абадий бўлган охирати учун меҳнат қилади. Охиратини вайрон қилиш эвазига дунёсини обод қилишни хоҳламайди. Бинобарин, мўмин дунё неъматларидан ҳам махрум эмас. Кофир дунё учун қулдай меҳнат қилади, елиб-югуради. Бунинг устига охират саодатидан бенасиб қолади. Мўминлар охиратларини хароб қилмаган ҳолда дунё учун ҳам тер тўкиб, уни ҳам обод этадилар.

Мўмин ҳар вақт ҳазир ва ҳушёрдир. Муаммоли, ечими қийин бўлган масала ва ишларни гўзал равишда ҳал қилади. Доим сергак ва тетикдир. Оқибати хунук ишлардан ўзини сақлайди ва узоқ юради. Ақлли, заковатли, зеҳни ўткир, ҳозиржавоб, теран фикрлилик каби хислатларга эгалик ҳақиқий мўминларга хосдир. Саҳобаи киром ва тобеъин даврларида мусулмонлар на саноатда, на савдода, на ҳарб-аскарликда маҳоратлари баланд эди. Аммо у даврнинг энг мукаммал олимларига, саноатига, савдо-сотиғига ва ҳарбий кучларга эга бўлган Рум императорлиги билан улкан Эрон давлати ушбу мўмин-мусулмонлар қаршисида қандай ожизу нотавон аҳволда қолганлари, таслим бўлганлари, юртларини ташлаб қочганлари айни ҳақиқатдир.

Мўминлар басират кўзи билан боқиб, ишларини соғлом бошқариб, ақл билан ҳаракат қилувчи фаҳм-фаросатли кишилардурки, ғафлат ва тузоққа тушмайдилар. Ҳудди қуш сингари бир донни оғзига олиш учун атрофида душманим йўқми деб бир неча марта бошини кўтариб қарайди. Набиййи мухтарам (Аллоҳ ул зотга салоту салом ёғдирсин) ҳазратлари умматларини огоҳлантириб: "Мўмин киши оқибатнинг ёмонлигидан доимо сергак турмоғи лозимдир" деганлар.

Дайламий ҳазратлари "Муснади Фирдавсий" асарида шундай ҳадиси шарифни келтирадилар:

"Мўмин кишилар шубҳали нарсалардан қочадилар, сабр қиладилар, шошилмайдилар, чунки шошилиш шайтондандир. Илмли мўминлар ҳам шубҳалардан жуда узоқ юрадилар, қўрқадилар. Мунофиқ эса, тамоман бунинг аксидир, инсонларга доимо зиён етказувчи, ўйлаб-нетмай, давомли ҳаромларга қўл урувчи, тунда ўтин ташийдиганлар каби, қаердан фойда қилиб, қаерга сарфлаётганини ҳисоб-китоб қилмайдиган ва аҳамият бермайдиган кимсадир. Зинҳор сизлар бундайлардан бўлиб қолманглар!"[2].

Ҳақ жалла жалолуҳу бизларни ўзига хизмат килдириб, ботилдан узоқ юрувчи бандаларидан қилсин.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг

“Мўминнинг сифатлари” китобидан

 

[1] “Рамуз ал-аҳодис” 231/14, ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а).

[2] “Рамуз ал-аҳодис” 231/14, ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а).

Read 3442 times

Мақолалар

Top