Мақолалар

Диндорини танланг!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : " تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ : لِمَالِهَا ، وَلِحَسَبِهَا ، وَجَمَالِهَا ، وَلِدِينِهَا ، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ ".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

«Аёл киши тўрт нарса учун никоҳланилади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур!» (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривояти.)

Инсонлар аёл кишига молдорлиги, насл-насаби яхшилиги, чиройи борлиги ва диндорлиги учун уйланишади.

Кимдир аёлнинг пулига, кимдир насаби яхшилигига, кимдир чиройли бўлганига, кимдир диндор, диёнатли аёл бўлганига қизиқади.

Агар битта аёлда шу тўрт нарса жам бўлса, қандоқ яхши!

Аммо бир аёлда буларнинг ҳаммаси жам бўлиши кам учрайди.

Агар аёлнинг фақат мол-дунёси бўлиб, дину диёнати бўлмаса, у эрига моли билан мақтанади, ўзини катта олади, «Отамнинг, акаларимнинг пули кўп. Сенда ҳеч вақо йўқ» деб эрини менсимайди.

Агар аёлнинг фақат насл-насаби зўр бўлиб, дину диёнати бўлмаса, у эрига ўз насаби, зоти, ота-боболари билан мақтаниб, «Мен фалончиларнинг авлодиман. Сен эса ялангоёқсан» деб эрига паст назар билан қараб, уни менсимайди.

Агар аёлнинг фақат чиройи бўлиб, дину диёнати бўлмаса, у эрига жамоли билан мақтаниб, «Бу чиройимга кўплар ошиқ эди. Ортимдан зор юрарди» деб эрига паст назар билан қарайди.

Агар аёл дину диёнатли бўлса, Аллоҳ таолодан қўрққани, тақволи бўлгани учун эрини ҳурмат қилиб, унга итоат этади. Эрига пули кўплиги билан ҳам, насаби билан ҳам, чиройи билан ҳам мақтанмайди.

Шунинг учун диндор аёлга уйланган киши бахтли яшайди. «Қўлинг тупроққа қорилгур!» дегани «Яхшиликка эришгур!», деган маънодадир.

 

Нозимжон Ҳошимжон

Read 3170 times

Мақолалар

Top