Мақолалар

Агар гуноҳини билишганида…

Ҳар кимнинг умри ва ризқи белгилаб қўйилган. Киши ризқини еб, умрини яшагач, Яратганнинг ҳузурига тўплаган, кийган, қурган, яхши кўрганларини ортида қолдирган ҳолда яна ёлғиз ҳолда қайтади. Фақат савоблари ёки гуноҳларини ўзи билан охиратга – асл ва абадий ҳаётига олиб кетади. Агар эр-хотин мўмин-мусулмон ҳолида яшаб, Жаннатга кирса, уларнинг никоҳи у ерда ҳам давом этади.

Бу эса никоҳ қанчалик муқаддас ва қимматбаҳо ришта эканлигини кўрсатади. Орамизда буни яхши англаб етган, жуфти ҳалолига ўзаро ҳурмат, самимият ва садоқат билан никоҳ риштасини авайлаб-асраб келаётган инсонлар кўп, албатта.

Беайб Парвардигор, кимда камчилик йўқ? Ҳар қандай оилада ҳам келишмовчилик ва тушунмовчилик чиқиши мумкин. Уни олийжаноблик, кечирим ва яхшилик билан бартараф этиш керак.

Эр-хотиннинг уруши дока-рўмол қуриши, дейди доно халқимиз. Энг тез қурийдиган мато ҳам, энг нозик ва тез йиртиладиган мато ҳам – дока. Гоҳида сабрсизлик, ҳиссиёт ва ғазабга эрк бериш, оқибатини ўйламаслик натижасида никоҳ риштасини “уч талоқ” орқали узаётганлар-чи?

Имом Насоий келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабланган ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”– дедилар. Ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди.

Эътибор берсак, ушбу ҳадисда бирданига уч талоқ қўйган киши ҳақида хабар берилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва ҳаракатлари билан бу ишнинг гуноҳи қанчалик оғир эканлигини ифодалаб бердиларки, ҳатто бир саҳобий уч талоқ қўйган киши ўлдирилишга лойиқ гуноҳ қилди – дея ўйлаб, “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборган экан.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса: “Қайси бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга Жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади” – дейилган.

Бўлар-бўлмас сабаблар билан эркак киши аёлини уч талоқ қилиши, аёл киши эридан жавобини сўраши ва учинчи шахслар томонидан яшаш-ярашиш истагидаги келин-куёвлар ўртасига тушиб, хотинига талоғини беришга ундаш қанчалик гуноҳ эканлигини билишганида эди.

Билдириш, олдини олиш ва яраштириш эса қандай ҳам яхши амал!

 

ВАЛИЖОН ҲАҚНАЗАРОВ
“Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби

Read 3035 times

Мақолалар

Top