- Аллоҳдан паноҳ сўраш, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни айтиш.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг! Зеро, У Эшитувчи ва Билувчи (зот)дир” (Фуссилат сураси, 36-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангизга шайтон келиб: “Уни ким яратди?”, “Буни ким яратди?” деб савол беради, ҳатто, «Раббингни ким яратди?» дейишгача боради. Ана шунда у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва (фикрига) барҳам берсин», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- “Аманна биллаҳи ва биросулиҳ” деб айтиш.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг фикрига васваса келса “Аманна биллаҳи ва биросулиҳ”, деб уч марта айтсин. Шунда ундан васваса кетади», дедилар (Имом Ибн Сунний ривояти).
- Уч марта туфлаш.
Усмон ибн Абул Осий розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, шайтон намозим ва қироатим орасида халақит қилиб, чалкаштириб юборяпти”, дедилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу шайтондир. У “Хинзаб”, дейилади. Агар сен уни ҳис қилсанг, Аллоҳ номи ила ундан паноҳ тила ва чап томонингга уч марта туфлаб қўй”, дедилар.
Усмон ибн Абул Осий розияллоҳу анҳу айтадилар: "У зотнинг айтганларини қилган эдим, Аллоҳ таоло мендан уни кетказди" (Имом Муслим ривояти).
- “Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шайин ъалийм” деб айтиш.
Абу Зумайл розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Қалбимда ниманидир ҳис қиляпман”, дедим. У зот: “Нима у?” дедилар. “Аллоҳга қасамки, уни бирор кишига айтмайман”, дедим. У зот: “Бирор шак бўляптими?” деб кулдилар. Сўнг: “Бирор киши шак-шубҳадан омонда бўлмаган. Ҳатто, Аллоҳ таоло: “Агар Сизга нозил этган нарса хусусида шубҳа қилсангиз...” (Юнус сураси, 94-оят) оятини нозил қилган. Нафсингда бирор нарса топсанг:
“Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шайин ъалийм”
“У аввал ва охирдир, У зоҳир ва ботиндир. У ҳар бир нарсани билувчидир”, деб айт”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
- “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтиш.
Намоз, таҳорат ва шуларга ўхшаш нарсада васвасага тушган киши: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиши мустаҳабдир. Шунда шайтон Аллоҳнинг изни ила ундан узоқлашади.
Даврон НУРМУҲАММАД