Мақолалар

Солиҳа аёлнинг сифатлари

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг мўмин бандаларини васф қилар экан, уларни шундай деб мақтайди:

وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَاماً

“Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 74-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дунё матодир, унинг матолари ичида энг яхшиси солиҳа хотиндир”.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ кимга солиҳа бир турмуш ўртоғи (аёл) насиб қилган бўлса, динининг ярмида унга ёрдам берибди. Қолган ярми хусусида Аллоҳдан қўрқсин (тақво қилсин)!” (Ҳоким “Мустадрак” II. 175)

Ҳа, тақводор аёл Аллоҳнинг неъматидир. Хўш, тақводор, солиҳа аёл қандай сифатларга эга бўлади? Қуйида шуларни келтирсак:

  1. Аллоҳга итоат қилувчи.

Солиҳа аёл Аллоҳ таолонинг барча буюрганларини қилиб, қайтарганларидан қайтувчи бўлади.

  1. Аллоҳнинг ғазабини келтирмайдиган (гуноҳ бўлмаган) ишларда эрига итоат қилувчи.

Эри гуноҳ ишларга буюрса, итоат этмайди. Масалан, “Ароқ олиб кел” деса, бу буйруқни бажармайди, ароқ олиб келмайди. Аммо гуноҳ бўлмаган ишларга буюрса, итоат қилади.

  1. Эрининг унга назари тушганда, хурсанд бўлади.

Либоси, сўзлари, юриш-туриши билан эрига ёқадиган кўринишда ва ҳолатда бўлади.

  1. Аллоҳ таолонинг тоатида эрига ёрдам беради.

Эрига намоз вақти бўлганини айтади, ғусл қилиши учун сув иситиб беради ва ҳоказо.

  1. Эрининг тўшагини бировга бостирмайди.

Эри ўтирадиган, ётадиган тўшакни бировга бостирмайди. Эрига сўз билан ҳам, амал билан ҳам асло хиёнат қилмайди.

  1. Эридан бошқага зийнатини кўрсатмайди.

         Янги либосларини, хушбўй ифорли атирларини, қимматбаҳо тақинчоқларини фақат ва фақат эри учун ишлатади. Эрининг ёнида атир сепиб, зийнатланиб, тоза либосларини кийиб юради. Кўчага чиққанда эса оддий либос кийиб, авратларини беркитиб, зийнатланмай, атир сепмай чиқади.

  1. Эрининг сирини беркитади.

         Оилавий сирлар, эрининг хос сирлари ва бошқа махфий суҳбатларни яшириб, асрайди. Кўча-кўйларда, йиғинларда ва бошқа ўринларда қариндошларига, дугоналарига айтиб, сирларни фош қилмайди.

  1. Эрига сабр қилиб, оз нафақага қаноат қилувчи.

         Агар эри камхарж бўлса, топиш-тутиши оз бўлса, ундан кўпроқ нарса талаб қилиб, ноқулай аҳволга солмайди. Балки борига қаноат қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилиб эрининг топганларига барака беришини сўрайди.

  1. Эри ғоиб бўлганда, нафсини ва эрининг молини эҳтиёт қилади.

         Эри сафарда, ишда бўлган пайтларда аёл киши ўз иффатини ва эрининг мол-мулкини, пул ва бошқа нарсаларини асраб-авайлайди, бировларга эридан сўрамасдан ҳеч нарса бермай       ди.

  1. Эри келганда, тилини унга азият беришдан тияди.

         Эри ишдан чарчаб келганда, “Гўшт олиб келмадингизми?”, “Фалон айтган нарсамни олиб келмай, қуруқ қўл билан келдингизми?” демасдан, тили ва муомаласи билан эрига озор бермай, уни яхши кайфиятда кутиб олади.

  1. Сўкиш, ҳақорат ва шикоятни кўпайтирмайди.

         “Сендан нима кўрдим?!”, “Сен билан яшаб нимага эришдим?!” деган гаплар билан эрини паришон қилмайди, уни ҳақоратлаб, дилини оғритмайди, “У кам, бу кам” деган гапларни ҳадеб айтавермайди.

  1. Эри унга ёмонлик қилса, эридан кўрган яхшиликларни инкор этмайди.

         Мабодо эри унга ёмонлик қилганда ҳам ундан кўрган яхшиликларни инкор этиб, “Сенга тегибманки, бошим муаммодан чиқмайди” деган мазмундаги гапларни айтмайди. Балки, унинг яхшиликларини эслаб, унга Аллоҳ таолодан инсоф сўраб, оилани яхши томонга ўзгартириш ҳаракатида бўлади.

         Аллоҳ таоло аёлларимизнинг солиҳа бўлишларини насиб айлаб, ибратли, тотув ҳаёт кечиришимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 5784 times

Мақолалар

Top