Мақолалар

Сафарга кетиш ва сафардан қайтишда бажариладиган 9 амал
  1. Сафарда ишлатиладиган зарур буюмларни тайёрлаш.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам беш нарсани олиб юрардилар. Улар: тароқ, сурмадон, ойна, мисвок ва узун дастали илгак”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Сафарга тонгда йўлга чиқиш.

Сохр ибн Вадоъа Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бергин”, деб дуо қилардилар” (Имом Термизий ривояти).

Сохр розияллоҳу анҳу савдогар бўлганлар ва савдоларини доимо тонгда жўнатар эдилар. У зот бой, давлатманд бўлганлар.

 

  1. Солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуосини олиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафар қилмоқчи бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, деди.

У зот: “Аллоҳга тақво қилишингни ва ҳар бир тепаликка кўтарилганингда такбир (Аллоҳу акбар) айтишингни буюраман” дедилар. У орқасига бурилаётган эди “Аллоҳим, ерни унга яқин ва сафарини осон қилгин”, деб дуо қилдилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Хайрлашаётганда ҳам дуо қилиш.

Қузъа ибн Яҳё Басрий айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу менга: Кел, сен билан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан хайрлашганларидек хайрлашаман: “Динингни, омонатингни ва амалинг хотимасини Аллоҳга топширдим”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Уловга минаётганда дуо ўқиш.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқаётганда туяларига минсалар уч марта такбир айтиб, сўнгра: “Бизга буни бўй сундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Албатта, Роббимизга қайтгувчиларданмиз. Аллоҳим, ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлигини яқин қилгин. Аллоҳим, сафардаги йўлдош ҳам, хонадонда қолувчи ўринбосар ҳам Ўзингдирсан. Аллоҳим, Сендан сафар қийинчиликлари ва қайғулари, аҳлда ва молда ёмон оқибатлардан паноҳ сўрайман”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Сафар давомида кўпроқ дуо қилиш.

Мусофирнинг дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси шубҳасиз ижобатдир. Улар мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Бир кишини ишларни бошқариб турувчи қилиб тайинлаш.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар уч киши сафарга чиқадиган бўлса, улардан бир амир бўлсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мусофирлар жамоада ўзларига энг зийрак, энг афзал кишини йўлбошчи қилиб тайинлашлари мустаҳабдир”, деган.

 

  1. Такбир, тасбеҳ айтиш.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда сафарга чиқардик. Агар тепаликка кўтарилсак такбир (Аллоҳу акбар) айтардик. Тушганда  эса (Субҳаналлоҳ) тасбеҳ айтардик” (Имом Аҳмад ривояти).

 

  1. Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла бахра ололмайди. Агар сизлардан бирингизнинг (сафарда) истаги ҳосил бўлса, бас, у оила-аҳлига шошилсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 15768 times

Мақолалар

Top