Мақолалар

СИЗГА ХУШХАБАР

Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун ҳидоят ва башоратдир. Башорат сўзи одатда хушхабар, яхшиликни етказиш, маълум қилиш маъносида ишлатилади. Мўминларга хушхабар етказишдек шарафли ишни Аллоҳ таоло башариятдан танлаб олган Ўзининг пайғамбарларига тайин қилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Биз пайғамбарларни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчилар сифатидагина юборурмиз» (Каҳф, 56). Шунингдек, бошқа оятда «Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман»(Аъроф, 188) дейилади.

Бироқ баъзан бу сўзни ёмон, нохушхабарларни, хусусан, турли бало-офатлар, мунажжмимларнинг бахтсизлик, омадсизлик тўғрисидаги хабарларини етказишда ҳам истифода этмоқдалар. Аслида эса юқорида таъкидланганидек, башорат фақатгина яхшилик ҳақидаги хушхабардир. Қуръонда мўминлар учун Роббилари томонидан бир қанча башорат, яъни хушхабарлар нозил бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мўминларга (охират мукофотлари ҳақида) хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!» (Бақара, 223).

Оятда келган мўминларга бериладиган хушхабар, мукофотлар нималар эканлигини Аллоҳ таоло қуйидаги оятда марҳамат қилади:

«Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун (жаннатда) остиларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир» (Бақара, 25).

Демак, оятга кўра, мўмин бўлиш учун тил билан имон келтириб, қалб билан иқрор бўлиб ва имонининг тасдиғи сифатида солиҳ амаллар қилиш лозим. Шунда улар учун улкан мукофот – жаннат бордир. Абу Муъин Насафий агар имон фақатгина тил билан айтишдан иборат бўлса, унда мунофиқ билан мўминнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди, дейди.

Бошқа бир сурада Аллоҳ таоло юқоридаги оятда келган «боғлар»ни жаннат боғлари эканини таъкидлайди: «Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур» (Тавба, 21).

Аллоҳ барчаларимизни бу дунё ва охират мукофотларидан тўлиқ баҳраманд этсин! «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар».

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 5093 times

Мақолалар

Top