1-ўрнак:
Она фарзандига деди:
- Таомингни еб тугатсанг, сени айлантириб келаман.
Еб тугатгач онасига деди:
- Ойи, еб бўлдим. Энди борамизми айлангани?
Она:
- Кеч бўлиб қолди. Кўчада қўрқинчли одамлар болаларни еб қўяётган экан. Ҳозир чиқа олмаймиз.
Кўчадаги болаларнинг овозини эшитиб, маҳзун бўлганича термулиб қолди. Болалар эса ўйнашяпти ва уларни ҳеч ким еб қўймаяпти.
2-ўрнак:
Болакай улғайгач, мактабга борди.
Устоз:
- "Ким ўзини яхши тутса, дарсда жим ўтирса ҳафта сўнггида уни ўзим билан экскурсияга олиб бораман" деди.
Экскурсияга бориш учун биринчилардан бўлишга интилган болакай, ҳафта охирида устозидан сўрайди:
- Устоз, қачон экскурсияга борамиз?
Устоз жавоб берди:
- Қандай экскурсия ҳақида гапиряпсан?
3-ўрнак:
Уйда ота дарс қилиб ўтирган фарзандига деди:
- Агар имтиҳонларни яхши баҳоларга топширсанг, сенга ўзим зўр велосипед олиб бераман.
Ўқув йили ҳам тугади. Имтиҳонларни аъло баҳоларга топширган болакай отасидан:
- "Дада, қани менинг велосипедим?" деб беғубор кўзлари билан қараб сўради.
Ота деди:
- Қўй шу велосипедни, ҳалокатга учрагинг келаяптими?
Ҳикоя давом этади..
Шу алфозда болакай ёлғончи бўлиб вояга етди. Яқинлари унинг тинмай ёлғон гапириши ва ҳатти- ҳаракатларига қараб маломат қиладиган бўлди:
- Бундай ёлғончиликни кимдан ўрганди экан?
Сўнгги сўз: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар. (Бухорий ривояти)
Унутманг! Фарзандларингизнинг фақатгина қорнини тўйғизиб, устини бутлаб "тарбиялаябман" десангиз қаттиқ адашасиз! Уларнинг руҳлари ҳам оч...
Болалар билан сухбатлашаётганда ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Саидаброр Умаров