Мақолалар

Пиёда юришнинг фойдаси ҳақида ўн тўрт аср олдин таъкидланган

Олимлар югуриш спорти билан шуғулланувчилар устида узоқ йиллик изланиш ва тадқиқот олиб борганларидан сўнг мазкур спортчиларнинг тизза мускуллари жуда мустаҳкам, бақувват ва яхши ҳолатда бўлишини аниқладилар.

Инсон мунтазам равишда юриш, аниқроғи тўхтамасдан, бир маромда пиёда юриш билан шуғулланса, оёқ мускуллари мустаҳкамланишини таъкидладилар. Яна улар шуни айтишяптики, ҳар куни пиёда юриш тизза мускуллари қувватини оширибгина қолмай, балки юрак мускулларини ҳам яхшилаб, қандли диабет касаллигини муолажа қилар, қон босимининг мўътадиллашишига хизмат қилар, умуртқа поғонаси ва тизза бўғимларидаги оғриқларнинг йўқолишига ҳамда жисмнинг иммунитет тизими мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

У зот:

«Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар». Имом Муслим ривоятлари

Бу ҳадисда банданинг хатолари ўчирилиб, даражалари кўтарилишига сабаб бўладиган амаллар қаторида “масжидларга қадамни кўпайтириш” ҳам зикр қилинмоқда. Ҳа, масжидга бир кунда беш марта пиёда юриб борадиган одам намоз ўқиш билан бирга кунлик пиёда юриш машқини ҳам бажарган бўлади. Бу эса юқорида айтиб ўтганимиздек, кўплаб касалликларининг барҳам топишига, мускуллар ва иммунитет тизими мустаҳкамланишига сабаб бўлади.

Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни масжидга пиёда борар ва масжиддан қайтишда бошқа йўлдан пиёда уйга келар эдилар. Бундай қилиш аввало суннат амал бўлса, шунингдек, тананинг саломатлиги учун ҳам айни муддаодир.

Аллоҳ таоло барчамизга Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, икки дунёда азизу мукаррам бўлишимизни насиб этсин!

 

www.kaheel7.com сайти маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 4762 times

Мақолалар

Top