"Мўмин киши дунёда ғариб кабидир. Дунёнинг лаззатларига у илтифот этмайди. Дунёда ўзини хор тутади. Инсонлар мақбул кўрадиган ҳолат, тавозуълиги сабаби билан, унда кўринмайди. Унииг шундай бир ҳоли бордирки, бу хол бошқа инсонларни роҳатлантиради. Аммо шу сабабдан унинг ўз вужуди машаққатдадир"[1].
Комил ва етук мўминлар дунёда ғариб кабидирлар. Ватандан йироқдаги кишини ғариб дейдилар. Ғариб инсон гарчанд кўзлари бўлса-да, худди кўр кишига ўхшатилган. Мўмин ғариб каби бўлгач, кўзи кўр кабидир. Дунёга назар ташлаб, унга алданадиган ҳолда эмас. У доим ботин оламидадир. Шу боис зеҳни кучли. Эшитганларини унутмайди. Ҳатто бир марта гаплашган кишиларини анча вақт ўтгандан кейин ҳам овозларидан танийди. Шу каби мўминнинг ички дунёси, басирати жуда кучли, зеҳни ўткир, фаросати қувватли бўлади. Фикр-мулоҳазалари кўпинча тўғри чиқади. Ватанини тарк этиб, борган жойида ҳам муқим бўла олмаган ғариб инсон у жойни ҳам ватан қила олмайди. Шунга ўхшаб мўмин ҳам қаерда бўлишидан қатьий назар, бу дунё неъматларига эътибор бермайди.
Мўмин ҳам кўниккан одатларини тарк этиб, зуҳдга берилиб, дунёда ўзини Мавлосидан узоқлаштирувчи ҳамма нарсадан воз кечиб, асл ватани бўлган охиратга юз бурганидан, бу дунёнинг завқу сафоларига илтифот этмайди. Зеро, охират салтанатининг дунёвий лаззатларга асло ўхшамаслигини яхши билади. Фонийдан кўра боқийни танлаганидан у ғариб кабидир. Масалан, ҳажга ёки бошқа бир зиёрат мақсадида йўлга чиққан инсон, вақтини йўлларда беҳуда ўтказишни истайдими? Йўқ, асло! У фақат манзилига тезроқ етиб боришни ўйлайди. Шунинг учун мўмин дунёнинг бирор иззати билан ошнолик қилмайди ва қила олмайди. Чунки иззатпарастликнинг охири войдир. Бу эса ҳар доим кўзимиз ўнгида намоён бўлиб турибди. Ҳақиқий мўмин дунёда бошига келган зиллатлар туфайли фарёду фиғон чекмайди. Дод-фарёд солишга зарурат сезмайди. Инсонларнинг шундай ҳоллари борки, уни иқбол дейдилар. У эса дунёда азиз бўлмоқ ва нафсини иззатга лойиқ деб даъво қилмоқдир. Мўмин кишининг ўз ҳоли борки, унинг кўзи ўнгида дунёнинг сариқ чақалик киймати йўқ. Шу боис мўмин ҳеч кимни хафа қилмайди. Инсонлар ундан фароғат кўрадилар. Унга нисбатан ҳеч қандай андишалари бўлмайди. Ҳар қандай ҳолда ундан хотиржам бўладилар.
Ҳолбуки, инсонлар дунёда мўминларга хос бу соддаликни ихтиёр этмаганлари боис, ҳар қанча иззат-икромда кўринсалар-да, хорликдан асло қутула олмайдилар. Шунинг учун комил мўминлар фақатгина дунёнинг зиллатини ва охиратнинг иззатини ихтиёр этганлари учун вужудлари зоҳиран машаққат чекаётгандек кўринади, аслида эса ботин оламида роҳат, завқ ва сурур ичида бўладилар. Файёзи Мутлақ барчамизни аҳли камолга ошно ва ўзимизни ҳам комил мўминлардан бўлишимизни насиб айласин.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан
[1] “Рамуз ал-аҳодис” 231/15 ровий Баҳр бобосидан, у киши ҳам отасидан (р.а).