Мақолалар

Агар тарвуз дарахтда ўсганда...

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ

“Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар сураси, 49-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло кичик атомдан тортиб улкан галактикаларгача, умуман, бутун борлиқни аниқ ўлчов ва ҳисоб билан яратган. Ер юзида ҳаётнинг мунтазам равишда давом этишининг асосий сабабларидан бири ана шу ўлчовли қилиб яратилганидир. Ҳамма нарса ўлчовлидир. Бу оламда бирор нарса йўқки, шу ўлчовдан ташқарида бўлса. Келинг, сўзимизга оид мисолларни кўриб чиқсак:

Аллоҳ таоло оғирлиги 4-5 тонна келадиган филга кийикнинг оёғини берганда нима бўларди? Оёқлар танани кўтара олмай, синиб кетган бўларди. Бундай улкан вазнли жонзот учун мана шундай устундек оёқлар керак. Шунингдек, филлар чангалзорларда яшайди. Кийикникидек оёқ чангалзорда турли ўсимликлар, лианаларга ўралиб, юриши қийинлашарди. Катта оёқлар билан эса бемалол ўсимлик устини босиб, эзиб, юриб кетаверади.

*****

Бордию кийикка филнинг оёғини берганда нима бўларди? Кийик бу оғир вазнли оёқни кўтаришга қийналиб, юра олмаган бўларди. У сакраб-сакраб юра олиши, йиртқичлар ҳамласидан тезда қоча олиши учун унга мана шундай ингичка, нозик оёқлар керак.

*****

Агар Аллоҳ таоло тарвузни дарахтда ўсадиган қилиб қўйганида, тарвузлар пишган пайтларда ўша дарахт остидан ўтаётган одамларнинг бошига катта тарвуз тушиб, кўп талафотларга олиб келарди. Қолаверса, оғир вазнли тарвузларни дарахтдан узиб олиш анчагина муаммо келтириб чиқарарди. Аллоҳ таолонинг марҳаматини қарангки, тарвузлар ердаги пайконларда ўрмалаб униб-ўсади, пишиб етилади. Уларни узиб олиш, йиғиб-териш ҳам муаммога сабаб бўлмайди.

*****

Кемирувчилар кўп бола туғади. Аммо болаларининг кўп қисми узоқ яшамай ўлиб кетади. Оз қисмигина тирик қолади. Агар барча болалари ўлиб қолмай, узоқ яшаганида, дунёда кемирувчилар сони кўпайиши ҳисобига кўп ноқулайликлар юзага келарди.

*****

Бўрилар, оқ айиқлар кам бола кўради. Аммо улар узоқ яшайди.

*****

Итлар кўп туғади, аммо болаларининг аксари кичиклигида ўлиб кетади.

*****

Қўйлар кам туғади, аммо болалари узоқ яшайди.

*****

Шу тарзда жонзотлар ўртасида мувозанат сақланади.

*****

Арслон, қоплон, бўри каби йиртқич ҳайвонлар фақат касал, қари кийик, ҳўкиз каби ҳайвонларни овлайди. Бу эса кийиклар, ҳўкизлар ва бошқа ўлжа бўладиган жонзотлар тўдасида касаллик тарқалишининг олди олинишига сабаб бўлади.

*****

Йиртқич қушларнинг тумшуқлари қайрилган бўлади. Бу эса уларга ов қилинган ўлжа гўштини узиб-узиб ейиши учун қулайликка сабаб бўлади.

*****

Йиртқич бўлмаган қушларнинг тумшуқлари эса тўғри шаклда бўлади. Бу эса уларга дон ва майда ҳашаротларни териб-териб ейишга имкон беради.

*****

Оқ айиқ ва пингвинларнинг териси қалин, шаффоф ва ёғли бўлиб, бу эса уларга терининг сув билан намланмаслиги, натижада уларнинг музлаб қолмаслигига, умуман, совуқ иқлимда қийналмай яшашига имкон беради.

*****

Денгиз суви шўр. Агар сув чучук бўлганида, балиқлар тез фурсатда ачиб, ўлиб қолган, сувнинг ўзи ҳам айниб кетган бўларди. Шўр сувдаги балиқ худди тузланган гўшт демакдир. Гўшт тузлаб қўйилганда айнимай, эскирмай тургани учун балиқлар яшайдиган муҳит сувлари ҳам тузли сувдир.

*****

Ичимлик суви эса ширин. Агар инсон тўхтовсиз шўр сув ичаверганда, ўпка ва ҳазм қилиш аъзолари қисқа муддатда ишқор таъсирида едирилиб, инсон ҳалок бўлган бўларди.

*****

Энди ўзимизни олиб кўрайлик. Агар кўзимиз битта, оғзимиз иккита, қулоғимиз учта, қўлимиз оёғимиз ўрнида, оёғимиз орқамизда, бошимиз белимизда бўлганида қандай кўриниш ва машаққат юзага келарди?! Тасаввур қилишнинг ўзиёқ даҳшатли, тўғрими?! Жуда хунук манзара бўлиши кўз олдимизга келди, шундай эмасми?!

Роббимиз Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:

لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ

“Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).

*****

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло бизга Меҳрибондир. У барча нарсани гўзал суратда, мувозанат ва ҳикмат ила яратган.

Ҳар бир жонзотнинг тана аъзоларини ўзига мослаб яратган Буюк Мусаввир Зот – Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир!

 

Нозимжон Ҳошимжон ва Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Read 3040 times

Мақолалар

Top