Мақолалар

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

Муқаддас Ислом динимизда қўшничилик ҳақ-хуқуқларига катта эътибор қаратилган бўлиб, улар ким бўлишидан қатъий назар улар билан қўшничилик бурчимизни адо этишимиз зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай мархамат қиладилар:

“Қўшнилар уч хил булади:

Битта ҳақи бор қўшни, иккита ҳақи бор қўшни ва учта хақи бор қўшнидир. Битта ҳақи бор қўшни − мушрик қушнидир, унинг қўшничилик ҳақи бор холос. Иккита ҳақи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмонлик ҳақи ҳамда қўшничилик ҳақи бор. Учта ҳақи бор қўшни эса, мусулмон ва қариндош қўшнидир унинг қўшничилик, мусулмонлик ва қариндошлик ҳақлари бор.”

Ҳадиси шарифларда қўни-қўшничилик ҳаклари одоблари тўғрисида зикр қилинган муборак сўзларига эътибор бериб, унга амал қилиб, фарзанд-у зурриётларимизга ҳам унинг савоб-у гуноҳларини тушунтириб боришимиз зарурдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Жаброил алайҳиссалом менга қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узок уқтирдиларки, мен ҳатто кўшнилар бир-бирларидан мерос олишини ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим”.

Ваҳоланки, хозирда аксар қўшнилар бир бирлари билан бўлаётган муомалалари мутлоқ ҳадисларда зикр этилаётган ҳақларига тўғри келмайди.

Арзимаган сабаблар билан ўрталарида жанжаллар, нохуш ҳолатлар содир булаётгани ҳаммамизга маълум. Бир ёки икки қарич ерни деб, бир-бирлари билан ёқалашиш, маҳаллада шарманда бўлиб, ўз шаъни, миллати, дини эсидан чиқиб кетаётган қўшнилар сафларимизда кўпайиб боряпти. Буларнинг ҳаммасининг сабаби дунёга бўлган муҳаббатимиз, очкўзлигимиз, ислом динимизни яхши тушунмаганимиз оқибатидандир. Қўшнилар томон баланд иморатлар қуриш, сояли дарахтлар экиш ёки ариқларда оқиб келадиган сув йўлларини ёпиб қуйиш билан қўшниларга озор бераётган қўшнилар албатта йуқ эмас. Натижада ўртадаги муносабат, муомала, борди-келдилар камайиб бормоқда. У ҳам бўлса, бегоналар эмас, яқинлар, қариндошлар, ҳаттоки ака-укалар ўртасида содир буляпти. Луқмони Ҳаким шундай деган эканлар “Оғир тош кўтардим, темир кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарса кўрмадим”.

Қўшнининг ҳақлари тўғрисида динимизда яна қуйидагича кўрсатмалар берилган:

Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса, қарз бермоқ, вафот этса, дафнда  қатнашмоқ, бирор қувонарли ҳодиса руй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, ҳамдардлик бирдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳақига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева нарсалардан келтирганда қўшниларга ҳам улашмок, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капкир овози ёки таом ҳид билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозимдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшнилар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-кўшнилар билан самимий алокаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин.

Ҳабибулло Ибодов
“Халқобод” жоме масжиди имом-хатиби

Read 3755 times
Tagged under

Мақолалар

Top