Намоз диннинг устуни. Ислом биноси беш устун – иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж устида туради. Ана шу беш устундан бири намоздир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Рўза йилда бир ой тутилади. Шунда ҳам бемор ва мусофирларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Бемор тузалганидан сўнг, мусофир уйига келганидан сўнг қазосини тутиб беради. Қаранг, рўза ибодатини ҳамма ҳам адо этмай, маълум тоифа кишиларга рўза тутмасликка рухсат бор экан.
Закот – моли нисобга етган кишиларгагина фарз. Ҳамма мусулмонлар бирданига закот бермайдилар. Фақат шариатда бой деб ҳисобланган мусулмонлар закот берадилар. Қаранг, бунда ҳам ушбу фарз амални бажарадиганлар сони камайяпти.
Ҳаж – умрда бир марта йўлга қодир бўлган соғлом кишиларга фарздир. Юртимизда 33 миллион киши иститқомат қиладиган бўлса, шулардан 7 минг киши ҳажга боряпти. Қаранг, бу фарз ибодатни бажарувчилар ҳам анча кам. Йўлга қодир бўлмаганлар, маҳаллада навбати келмаганлар, саломатлиги яхши бўлмаган кишиларга ҳаж фарз эмас.
Аммо намоз ибодати ҳеч кимдан соқит бўлмайди. Беморга ҳам, мусофирга ҳам, кўзи очиққа ҳам, кўзи юмуққа ҳам, юрадиганга ҳам, юрмайдиганга ҳам ва ҳоказо барчага фарз. Кучи етса тик туриб, етмаса ўтириб, агар унга ҳам имкони бўлмаса, ёнбошлаб имо-ишора билан намозни адо этади. Лекин намоз асло соқит бўлмайди.
Маълумки, рўза, закот ва ҳаж ибодатлари Мадинаи Мунавварада (яъни Ерда) фарз бўлган. Аммо намоз ибодати меърожда (еттинчи осмондан юқорида) фарз бўлган.
Мана шуларнинг ўзиёқ намоз ибодатининг нақадар муҳим фарз ибодат эканини кўрсатади.
Аллоҳ таоло барчамизга намозларимизни ўз вақтида адо этиб боришимизни насиб этсин ва бенамозликдан асрасин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади