Мақолалар

Оқибат йўқолаётгани ҳақида икки воқеъа

Биринчи воқеъа.
Бугун Қурбон ҳайитининг илк куни. Дойимо кеч туришни одат қилган ўғил ҳам бомдод вақтида уйғониб дадаси билан таҳорат олди.
- Ўғлим, эгнинггизга қалинроқ кийининг, бугун масжидда одам кўп бўлади, эҳтимол ҳовлида ўтирармиз.
- Кийяпман дадажон. Бугун менга совға олиб берасизми?
- Албатта, сизга ҳам, онанггизга ҳам!
Аёл, эрининг эгнига кастюмини ташлаб:
- Сиз ҳам қалинроқ кийининг. Масжидгача анча юрасизлар. Кўча салқин, ахир.
- Қўйсангчи онаси, масжидга кетаётган мошиналарнинг бирортаси олиб кетар. Ҳамма масжидга боради-ку. Қўй шуни киймай қўя қолай.
- Дадаси...
Ота ўғли билан йўлга тушди. Хотини рост айтган экан, ҳаво анча салқин бўлиб қолибди.
- Дада, ҳали анча юрамизми?
- Йўқ, унча кўп эмас.
Ўғил бугун илк бор масжидга бормоқда. 10 дақиқача йўл юришди. Ёнидан деярли мошиналар узилмасдан, ота-болага кўз ташлаб ўтиб борарди. Ҳозиирча ҳеч бири тўхтагани йўқ. Ҳали тўхтаб қолар деган фикр ўтди отанинг ҳаёлидан.
- Дадажон, оз қолдими? Яна сўради болакай.
- Ҳа болам. Совқотмаябсанми?
- Йўқ. Қалин кийинганманку .
Даданинг бироз кайфияти тушгандек бўлди. Ўзи юпин кийинганига афсусланди. Қанча қўл кўтармасин бирорта мошина тўхтамади.
- Дадажон чарчадим...
- Кел кўтариб оламан. Ўғлини кўтарганча ярим соатга яқин вақтда масжидга етиб келди. Афсуски, масжидга келаётган мошиналарнинг аксарияти бўш келган бўлсада ота-болани олиб келишни ҳаёлига ҳам келтиришмади.
Масжидда эса имом маруза қилмоқда: "Азиз биродарлар, мусулмонлар бир-бирига биродар, оға-инидир. Мусулмон ўзига раво кўрган яхшиликни биродарига раво кўрмагунича иймони комил бўлмайди..."

Иккинчи воқеъа

Қурбон ҳайитининг иккинчи куни. Иссиқжон, дўхтирга бордим. Навбатда мендан олдин икки киши бор экан. Бироздан сўнг бир, бир ярим ойлик чақалоқни кўтарган бир эркак кириб келди. Юзидан сокинлик ва самимийлик сезилиб туради. Паст ва ёқимли овозда "охирги ким" дея сўради. Мен. Аммо, сиз мендан олдин кира қолинг - дедим. Раҳмат айтди жилмайиб. Бироздан сўнг чақалоқ безовталаниб йиғлай бошлади. Ёнимизда ўтирган рус кампир ўзининг тилида онаси қани, боланинг қорни очди деди. Эркак эса онаси кела олмайди деб жавоб қилди. Боланинг йиғиси кучайди, еҳтимол бирор жойи оғриётгандир. Навбати келган 35-40 ёшлар атрофидаги аёлга юзландим - синглим шу чақалоқни биринчи қўйиб юборайлик. Аёл қовоғини солганча ЙЎҚ деб жавоб қилди ва ичкарига кириб кетди. Бола ҳамон йиғлашда давом этмоқда. Кекса аёлни аравачага солиб бир йигит келиб қолди ва биз навбатсиз кирамиз деди. Бола ҳамон йиғламоқда. Мен дўхтиирни олдига кирдиму:
- Дўхтир опа бизнинг ёшимиз катта, нима бўлса ҳам чидаймиз. Аммо, ташқарида бир эркак турубди, қўлида чақалоғи бор. Илтимос шуларни кўриб қўйинг, дедим. Ўтирганларнинг ҳаммаси менга ёмон қаради. Ичкаридаги аёл эса - мени навбатимку деди. Ортимдаги аравача суриб келган йигит ҳам менга бақира кетди - мени навбатимку нимага кириб кетяпсиз, чақалоқ бўлса менга нима, йиғласа йиғлайверсин деди. Ҳар тугул шифокор инсофли экан. - Чақалоқларни навбатсиз қабул қиламан деди. Ота-болани ичкарига таклиф қилди. Менинг эса асабларим тобора таранглашди. Ўтирганларга овозимнинг энг баланд тонида гапирдим - оқибатсиз виждонсиз, инсофсиз бўлиб кетдикми? Ахир бу чақалоқ-ку, отаси ёлғиз олиб келган. Наҳотки, мусулмонликни, иймонимизни нафсимизга бой берган бўлсак. Бу аканинг ўрнига ўзинггизни, чақалоқнинг ўрнига боланггизни қўйиб кўринг. Камига бугун ҳайит байрами бўлса. Хайф сенларга, эркагу аёлингга. Шу пайт бир чеккада ўтирган рус кампир ўзбек тилида бир амаллаб - "сизлар ямон сизлар, чакалок жуда кичкина, наҳотки сизлар мусилман" - деди. Йўлакчада чуқур сукунат чўмди.

Саидаброр Умаров

Read 3081 times

Мақолалар

Top