Мақолалар

Улуғларнинг ишлари ҳам улуғ

Ҳакиймул уммат Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг икки аёли бўлиб, катта аёллари ҳазратнинг кўп ҳизматларини қилар, шу билан у зотнинг дуоларини олишга ҳарис эдилар. Шу мақсадда Рамазон ойларидан бирида ҳазратга атаб камзул тиксам, ҳазрат уни ҳайит намозига кийиб чиқсалар, шу билан намоз ўқисалар ва менинг ҳаққимга ҳам дуо қилсалар, деган фикр қилдилар. Аммо аёл киши табиатан зебу зийнатга ўч қилиб яратилганлиги сир эмас. Мана шу табиат ҳазратнинг аёлларини ҳам четлаб ўтмаган эди. Шу сабаб дўкондан очиқ рангдаги, ёшлар боп матони танладилар. Ва буни ҳазратдан сир тутдилар, сабаби рамазон ойи ичида тикиб ҳайитга яқин кутилмаган совға қилиш эди. Бир ой давомида жуда ихлос билан бор маҳоратларини ишга солиб камзулни тикиб битирдилар. Ҳайитга бир кун қолганда фурсат топиб камзулни ҳазрат Таҳонавийга кўрсатдилар ва: “Бу камзулни кийиб намоз ўқисалар, охирида менинг ҳаққимга дуо қилсалар”, – деди. Ҳазрат Таҳонавий камзулни қўлга оларкан бу кийим у зотга мутлоқ муносиб эмаслиги бу ёшлар боп кийимлиги ва буни кийиш бачканалик эканлигини англаб етдилар. Лекин ҳазрат аёлларининг меҳнатини қадрлаб бу кийим жуда чиройли тикилганлиги, сотса яхшигина пулга кетиши, энг асосийси, иш ихлос билан қилинганлигини айтиб дуо қилдилар.

Эртаси куни камзулни кийиб намозгоҳга чиқиб ҳайит намозини адо этдилар. Намоздан сўнг одамлар бирин-кетин ҳазратни зиёрат қилишди ва ўзларига ярашмаган кийим кийганликлари учун ҳамма таажжубда эди. Шу пайт бир киши журъат қилиб: “Ҳазрат, нега бу ўзингизга ярашмаган кийимни кийиб олдингиз, ахир бу сизга ҳеч ярашмабди, сиздек улуғ инсон ўзининг улуғворлигига мос кийинса бўлмайдими?” – деди. Ҳазрат Таҳонавий унинг сўзларини жим туриб эшитдилар ва охирида: “Тўғри айтдинг, бу кийим ярашмаганлигини ўзим ҳам яхши биламан. Лекин аёлим бир ой давомида ихлос билан тикканлиги учун унинг меҳнатини, ихлосини қадрладим, энг асосийси, қалбини эҳтиёт қилдим”, – дедилар ва камзулни ечиб ўша кишига ҳадя қилдилар. Улуғ зотларнинг ишларида ўзлари каби улуғ бўларкан, бунда сиз ва биз учун ибрат бор.

Аёлларимизни эҳтиром қилайлик. Зеро, улар биз учун омонат. Гоҳида кўчадаги ишларимизни битириш учун энг разил кимсалар билан ҳам тил топишиб уларнинг аҳмоқгарчиликларига кўз юмамизу уйга келганда аёлимизнинг озгина ҳатти-ҳаракати ошиқчадек туюлади. Шунда бизнинг кўчадаги  одамларга кўрсатган илтифотимиз, ширин сўзимиз ва очиқ чеҳрамиз Аллоҳ учун эмаслиги сезилиб қолади. Унутманг! Аёлингиз билан муомала қилаётганда фарзандларингизга келажакда пишиб етиладиган шу билан бирга унутилмас сабоқ бераётган бўласиз. Шундай экан қандай дарс ўтиш ўзингизга ҳавола.

 

 

Андижон Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов

Read 2377 times

Мақолалар

Top