Мақолалар

ҲАЖДАН КЕЙИН ҚАНДАЙ ҲАЁТ КЕЧИРАСИЗ?

Ислом оламининг мўтабар уламоларидан бири, замондош сиймолардан  муфтий Муҳаммад Рафиъ Усмоний ҳазратлари ҳаж ибодати ҳақидаги асарларида қуйидагиларни ёзадилар:

Ҳажнинг қабул бўлиши ва унинг аломатлари

Биринчи аломат:

Ҳажнинг қабул бўлишининг бир аломати ҳадисларда келганки, жамаротдаги шайтонга отиладиган тошлар ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимнинг тошлари (шайтонга) отилса, унинг ҳажи қабул бўлади” (маъно таржима).

Тушиб кетган тошлар ҳажи қабул бўлмаган кимсаларнинг тошларидир. Шунинг учун, уламои киромлар ўша ерда тушиб ётган тошлар ердан олиб отилмасин деган масалани ёзганлар. Чунки, у тошлар ҳажи қабул бўлмаган кимсаларнинг тошларидир.

Қуръони каримда байтуллоҳ ҳақида шундай дейилган:

فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ

Яъни: Унда очиқ-ойдин аломатлар бор”. (Оли Имрон сураси, 97-оят)

Ушбу очиқ-ойдин аломатлардан бири ҳам, ҳажи қабул бўладиган кимсаларнинг шайтонга отиладиган тошларидир.

Иккинчи аломат:

Биз улуғларимиздан эшитган ҳаж қабул бўлишининг иккинчи аломати шуки, ҳаждан қайтиб келгандан кейин банданинг амалларида яхшиланиш пайдо бўлиши, олдин фарзлар ва вожибларга қанчалик эътибор бўлган бўлса, энди ундан ҳам кўпроқ эътибор бўлиши, олдин гуноҳлардан сақланишга қанчалик ҳаракат қилинган бўлса, энди янада кўпроқ ҳаракат бўлишидир. Агар бирор кимсада бу нарса пайдо бўлса, у ҳолда бу "мақбул ҳаж"га эришганлигининг белгисидир.

Учинчи аломат:

Биз улуғларимиздан эшитган яна бир бошқа аломат шуки, қайта-қайта у ерга боришга завқ кучайиб боришидир. Шунинг учун биз амалларимизни таҳлил қилиб олишимиз лозимдир. Ҳаждан кейин бизнинг амалларимизда ўзгариш бўлдими? Ҳаждан олдин бўлган фарзлар ва вожибларга эътибор янада яхшиландими ёки йўқ? Ҳаждан олдин гуноҳлардан сақланишга бўлган ҳаракатимиз янада зиёда бўлдими ёки йўқ? бунга қарайлик.

Агар ўзгаришлар бўлган бўлса, у ҳолда бу мақбул ҳаж аломатидир.

 

Маюсликка ҳеч ҳожат йўқ

Лекин, Худо кўрсатмасин, агар амалларда яхшиланиш пайдо бўлмаса ва айни ўша ҳаждан олдинги ҳолат ўзгармасдан турса, ўшанда ҳам маюсликка ҳеч ҳожат йўқ. Тавба эшиклари очиқдир. Энди, барча гуноҳларингиз авф қилиниши учун чин тавба қилиб олинг.

 

Аллоҳниниг валийси бўлишнинг осон йўли

Ҳакимул уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ айтар эдилар:

Одамлар Аллоҳнинг валийси бўлишни жудаям қийин иш, унинг учун йиллар давомида мужоҳада ва риёзат зарурдир деб ўйлайдилар. Ваҳоланки, бу гап мутлақо тўғри эмасдир. "Аллоҳнинг валийси" дегани, Аллоҳнинг дўсти деганидир. Аллоҳнинг валийси бўлишлик эса хар инсоннинг ихтиёридадир. Қачон хоҳласалар, Аллоҳнинг валийси бўладилар. Айнан ҳозир сиз Аллоҳнинг валийси бўлишни хоҳласангиз, у ҳолда ҳозироқ Аллоҳнинг валийси бўла оласиз.

Айтдиларки, бир дақиқада инсон Аллоҳ таъоло олдида уялиб, барча гуноҳларига тавба қилиб олсин. Шунда, гуноҳлардан пок бўлади. Чунки, ҳадиси шарифда келади:

التائب من الذنب كمن لا ذنب له

Яъни: “Гуноҳдан тавба қилувчи, худди гуноҳи йўқ кимса кабидир”. (Мишкоти шариф)

Тавба кимёвий схемаки, у турпоқни олтин ва жавҳарга айлантириб юборади. Лаҳзаларда инсон гуноҳлардан пок бўлади.

“Ҳажнинг қабул бўлиши” дегандан мақсад нима?

Бу ўринда бир нарсани тушуниб олинг: бири, ҳажнинг қабул бўлиши, иккинчиси, ҳажнинг адо бўлиши. Иккиси бошқа-бошқа нарсадир. Қачонки, сиз ҳажнинг барча амалларини қоидага мувофиқ адо қилсангиз, шунда ҳаж адо бўлади. Ҳажнинг икки рукни бор. Бири, хоҳ бир дақиқа бўлса ҳам арафотда туришлик, иккинчиси, тавофи ифозадир. Қолганлари эса, баъзиси вожиблар, баъзиси шартлар, баъзиси суннат ва мустаҳаблардир. Шунга кўра, агар ҳажнинг шариатга мувофиқ фарзлар ва вожибларини адо қилиб олсангиз, у ҳолда ҳажнинг фарзи адо бўлади. Лекин агар ҳаж мақбул бўлмаса, у ҳолда унга савоб етмайди. Шунинг учун, ҳаж қабул бўлишининг маъноси, унга ажр-савоб ҳам берилиши деганидир.

 

Шукр қилинг!

Агар ҳаждан келгандан кейин сиз амалларингизда яхшиланишни сезсангиз, у ҳолда бунинг учун Аллоҳ таъолога шукр қилинг. Шукр қилишлик ҳақида Аллоҳ таъолонинг ваъдаси шуки, қачонки, сиз бирор неъматга шукр қилсангиз, у ҳолда Биз ўша неъматни зиёда қилиб берамиз.

لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ

Яъни: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, у ҳолда албатта, сизга зиёда қиламиз”. (Иброҳим сураси, 7-оят)

Яхши амалларга янада шавқ пайдо бўлса, гуноҳлардан нафрат янада зиёда бўлса, қанча шукр қилиб борсангиз, шунча бу неъмат зиёда бўлиб боради. Хайр амаллар кўпайиб боради ва гуноҳлар камайиб боради. Хаттоки, бир вақт шундай бўладики, тоатда лаззат сеза бошлайди ва гуноҳлардан нафрат бўлади. Худо сақласин, агар гоҳо гуноҳга мубтало бўлса, унда лаззат бўлмайди.

 

Ҳажнинг таъсирлари аслида тақво ҳолатидир

Сиз муҳтарам зотлар ҳажга ташриф буюрдингиз. Шунда у ердаги муҳитнинг сизга таъсирлари бўлди. Ҳозиргача ўша таъсирлар бор. Бундан олдин бу таъсирлар сўнган эди. Уларни муҳофаза қилинг. Бу таъсирлар аслида тақво ҳолатидир. Уни муҳофаза қилишлик жуда зарурдир. Қуръони каримда тақвонинг муҳофаза қилишлик йўли айтилган. Аллоҳ таъоло шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ

Яъни: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинг ва содиқлар билан бирга бўлинг”. ( Тавба сураси, 119-оят)

Ушбу оятда аввал, “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинг (Аллоҳдан қўрқинг)” дейилди. Аллоҳдан қўрқишдан мақсад, Аллоҳга итоатсизлик қилмаслик ва гуноҳлардан сақланишликдир.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизга шундай ҳажни насиб қилсин.

 

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби

 Абдулқайюм Ғофуров таржимаси

 

Read 3276 times

Мақолалар

Top