Мақолалар

Муҳаррам ойи ва ашуро кунининг фазилатлари

МУҲАРРАМ ОЙИ

Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни анг­латади. Бу ой ҳижрий сананинг боши бўлгани, урушлар ҳаром бўлгани, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам  тавбасини қабул қилади», деганлар.

 АШУРО КУНИ

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир. Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар.

Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорот бўлади», деганлар.

Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати, хислати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунлари рўзғорни бут қилиб қўйишлари суннатдир.

Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.

Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар.

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро деб номланиши ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Машориқул анвор» асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида «фоъуло» вазни ишлатилмаган, дейдилар. Бинобарин, бу куннинг Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлиқдир.

Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилин» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».

Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Read 13701 times

Мақолалар

Top