Мақолалар

«Садақа тоши»

Динимиз ахлоқ динидир. Инсонларни садақа беришга тарғиб қилар экан, садақани миннат қилмай, фақирнинг дилини оғритмай беришга буюради. Зеро, миннат садақанинг савобини йўққа чиқарувчи иллатдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تُبْطِلُواْ صَدَقَاتِكُم بِالْمَنِّ وَالأذَى كَالَّذِي يُنفِقُ مَالَهُ رِئَاء النَّاسِ وَلاَ يُؤْمِنُ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ

“Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетгазманг” (Бақара сураси, 264-оят).

Садақанинг савоби кўп, риёдан холи бўлиши ва энг муҳими – фақирнинг ҳижолат бўлмаслиги учун уни махфий бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро махфий садақа берувчиларга кўп мукофотлар ваъда қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِن تُبْدُواْ الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِن تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاء فَهُوَ خَيْرٌ لُّكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنكُم مِّن سَيِّئَاتِكُمْ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, ушбу оятга кўра, садақа берадиган кишиларнинг гуноҳлари кечирилар экан. Бу эса садақа учун ато этиладиган энг катта мукофотлардан биридир.

Саҳиҳ ҳадислардан бирида қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Аршининг соясида турувчилар орасида “садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам” ҳам зикр қилинган.

Демак, махфий равишда қилинган садақа соҳибининг Арш соясида туришига сабаб бўлар экан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради” деганлар (Термизий ривояти).

Юқоридаги оятлар ва ҳадисларга амал қилиб, мўмин-мусулмонлар доимо садақани махфий тарзда қилишга ҳаракат қилганлар. Ҳатто турли даврларда бу ишга ҳукумат даражасида эътибор берилган. Садақани яширин тарзда қилишга ундовчи ана шундай ишлардан бири «Садақа тоши»дир.

Усмонлилар султонлиги даврида ҳар бир кўча, маҳалла бошида ва жомеъ масжидларнинг олдида «Садақа тоши» ўрнатилган. Унга кирган қўл садақа қилаётган бойнинг қўлими ёки садақа олаётган фақирнинг қўлими, ҳеч бир инсон билмаган. Қолаверса, унга қўйилган ёки ундан олинган пулнинг миқдорини ҳам бошқалар билишмаган. Шу йўл билан садақа берувчининг садақаси махфий бўлишига ва садақа олувчининг ноқулай вазиятдан, хижолатли ҳолатдан чиқишига ҳаракат қилинган.

«Садақа тошлари» одатда бир ярим-икки метр баландликда бўлган. Бойлар қўйиб кетган садақа пулларидан фақирлар эҳтиёжларига яраша олиб кетаверганлар. Бугунги кунда ҳам Туркиянинг бир қанча вилоятларидаги жомеъ масжидлар олдида ҳамда кўчалар бошида Исломий гўзал хулқ – фақирнинг қалбини синдирмаслик, садақани холис ва махфий қилиш аломатлари бўлган «Садақа тошлари» мавжуддир.   

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

Read 3308 times

Мақолалар

Top