Мақолалар

Навоий асарларида мусулмоннинг сифати

Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари ўзларининг беқиёс ижодларида Қуръони карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифларнинг маъноларини гўзал ва таъсирли тарзда шарҳлаб берганлар. Қуйида у зотнинг ижодларидан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”.

Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари шундай шарҳладилар:

Мўмин эмасдур улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай
Токи қардошига раво кўрмас,
Ҳар наким ўзига раво кўргай.

Бу ҳадиси шарифни уламолар Муқаддас динимизнинг мадори бўлган ҳадислардан санайдилар. Чунки, агар жамиятда ҳар бир шахс фақат ўз манфаати учун яшаса, ундай шахсни бошқа махлуқлардан фарқи қолмайди. Эътибор беринг, ҳайвонлар бир-бири билан талашиб ейди, инсонлар, хусусан мўминлар бир-бирларига илтифот билан ейдилар. Бу фақат таом борасида эмас, балки мўмин киши  ҳамма вақт илтифотли, сахий, бағрикенг, қўли очиқ, очиқ юзли ва бошқалар дардига ғамхўр бўлиши лозим. Бошқа байтларида:

Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами

деганлар. Бу ҳам кишини инсонпарварликка чақирувчи, худбинликдан қайтарувчи ҳикматли сўздир. Шу ондан бошлаб қолган умримизни ана шундай ўтказишга ҳаракат қилайлик. Зеро охират мукофотларидан умид қилган мўмин киши халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўяди. Элу юрт манфаати йўлида қилинган ҳар бир эзгу амал Аллоҳнинг ҳузурида ажрсиз қолмайди. Қуръони каримда:

“Албатта, Аллоҳ таоло мўминларнинг ажрларини зое қилмайди” (Оли Имрон сураси, 71-оят) дейилган.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”, – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Комил мусулмон қўли ва тилидан мусулмонлар омонликда бўлган зотдир”, – дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари шундай шарҳлайдилар:

Ким  мусулмонлиғ айласа даво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмон дурурки, солимдир,
Тилию илкидин мусулмонлар.

Бир киши мусулмонман деб жонини фидо қилса ҳам, унинг даъвоси чин эмасдир. Балки тили ва қўлидан одамлар омонликда бўлган, яъни зарар кўрмаган киши комил мусулмондир.

Бу ҳадиси шариф билан пайғамбримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг энг комили – одамларга қўли ва тили билан манфаат етказувчилари эканини баён қилганлар.

Хулоса килиб айтадиган бўлсак, ислом дини инсонни яхшилик ва эзгуликка чорловчи диндир. Мусулмон киши эса, тили ва қўли билан ҳеч кимга озор бермаслиги, балки ҳаммага яхшилик қилиш билан комилликка эришар экан. Аллоҳ таоло ҳаммамизни қўлимиз ва тилимиз билан фақат яхшилик қилишга муваффақ қилсин!

М.Ғаниев,
Қўқон шаҳар «Зинбардор» масжиди имом-хатиби

Read 3428 times

Мақолалар

Top