Мақолалар

Мусулмон эрнинг оила ва аёлига бўлган муносабати

Азалдан ота-боболаримиз оила тотувлиги ва мустаҳкамлигини бошқа масалалардан  кўра  биринчи ўринга қўйиб, оиланинг  тартиб интизоми ва тарбияси билан  алоҳида  шуғулланганлар.  Зеро,  оила  қуриш,  оилавий ишлар билан шуғулланиш  улуғ  ибодатлардандир.

Зеро, бир оиланинг ажралиши бу турли фитна ва фасодларнинг  пайдо бўлиши ва  авж олишига  олиб келади.Шунинг учун ҳам динимизда оиланинг ажралиши маъқулланмайди. Аллоҳ таоло оилани сақлаш масъулиятини эркакларнинг зиммасига юклаб,  Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19–оят).

Қадимдан бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она, аввало, ўз фарзандига насиҳат қилган, ундан кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган.

Исломда оиладаги келинга хонадон соҳиблари ўз қизлари каби муносабат кўрсатишга буюради. Албатта, келиннинг ҳам зиммасида оилада  ўзига муносиб  мажбуриятлари  мавжуд. Аввало,  янги хонадонга келишдан аввал барча зарурий таълимотларни олган бўлиши шарт. Айниқса, сабру қаноат, шукру итоат каби фазилатларни ўзида касб қилган бўлиши,  янги оила аъзолари билан  одоб-ахлоқ ва  иззат-ҳурмат меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда муомалада бўлиш шулар жумласидандир. Айниқса, турмуш ўртоғига нисбатан ҳурмат ва эътибор энг олий даражада бўлиши талаб этилади. Зеро, буларнинг барчаси пировард натижада аёлнинг оилада бахту саодат топиши, қолаверса улкан ажру савобга эга бўлишига сабаб бўлади. Демак, келиннинг оиладаги асосий вазифаси эри яхши кўрган нарсани севиб, у ёқтирмайдиган нарсани қилмаслик билан  эрининг розилигига эришиш, қолаверса  қайнота ва қайноналарини ҳурматларини жойига қўйиш билан Аллоҳнинг розилигини топишдан иборатдир.

Жамиятимиздаги кўплаб хонадонларда келинга хизматкорга қилинадиган муносабат, ходим сифатида кўрин ҳолатлари мавжуддир. Бўлмасам ўша хонадон соҳиб ва соҳибалари ҳам ўзларини мусулмон сифатида эътироф қиладилар. Аммо динларини чуқур билмайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз», деганлар.

Бир оилага яхши ниятлар билан келин келади. Келинни оила аъзолари ўзларидаги омонат сифатида кўрсалар турли хил муросасиз холатларнинг олди анча олинади. Қайнота-қайнона келинни ўз қизлари каби омонат билсин, қайноға-қайниопа ва қайни-қайнисингил ўз опаси ёки сингиллари каби омонат деб билсин. Куёв бола эса жуда катта масъулият билан ўзи Аллоҳнинг хузурида омондор деб ҳис қилсинлар. Шунга кўра, бир-бирларига чиройли муомалада бўлсалар ҳар икки томон турли тушунмовчиликларни олдини олган бўладилар. Келинимиз ҳам қайнота-қайнонанинг хизматини ўз ота-онасининг хизматини қилган каби бажарса, ўз ота-онасига қилган хизматида топган савоб каби ажр олади.

Яна бир нарсани ҳам унутмайлик адолатсизлик, ҳақсизлик ва зулмнинг жазосини Роббимиз қолдирмайди. Золимлик қилаётган томоннинг қасоскори Аллоҳ бўлади.

Нодирбек НИШОНОВ,
Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжиди имом-ноиби

Read 5633 times
Tagged under

Мақолалар

Top