Мақолалар

Фожеанинг асл сабабчиси ким?

Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин инсонга энг меҳрибон зот – онадир. Онанинг фидокорлигини, бутун умрини фарзандларига бағишлаб яшашини, зурёдларини бекаму кўст улғайтиришни ҳаётининг мазмуни деб билишини ҳамма билади. Раббимиз аёлга ана шу фазилатни ато қилиб, жаннат оналар оёғи остида дея, рутбасини баланд қилиб қўйган. Аёл – ана шундай буюк сиймо.

Нима учун?

Аммо баъзида аёл номи билан боғлиқ нохушликлар ҳам бўлиб турибдики, бунга асло кўз юмиб бўлмайди. Негаки, Парвардигоримиз ҳар бир махлуқотни сифати билан яратган. Аёлнинг сифати эса меҳрибонлик, ғамхўрлик, фидокорлик, мулойимликдир. Қачонки у ушбу сифатига мос ҳаракат қилмаса, аёллик рутбасидан айрилиб қолади ва жамиятда кўнгилсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Сўнги пайтларда оммавий ахборот воситаларида “Аёл боласини сотди”, “аёл боласини бўғиб ўлдирди”, “аёл жиноятга қўл урди” каби нохуш хабарлар кенг тарқалмоқда.

Мамлакатмизнинг қайсидир вилоятида мана шундай қабоҳатга қўл урган “она” ёшгина қиз экан. Афсус... Нимага, нима учун, қандай сабабга кўра?

Одатда, бундай мудҳиш ҳодисалар юз берганда уларнинг илдизини қидиришни замоннинг тезкорлигидан, глобаллашув, интеграциялашув ва яна бошқа  ...шувлар ёки...циялардан бошлаймиз-да,  ота-она, мактаб, маҳалла, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан нега шундай бўлганига ҳайрон бўлиб фикримизни якунлаймиз.

Глобаллашув шароитида ҳамма нарса гўёки аралашиб қолганга ўхшайди. Айтайлик, минглаб миллатнинг урф-одатлари, анъаналари, тутумлари, одоб-ахлоқи битта экранга жам бўлиб турибди. Шундан ўзиникини топиб олиш учун эса ёшлар ўз миллатининг табиатини таниши керак. Киши танимаган-билмаган нарсасини қандай қилиб ажратиб олади? (Улардан ташқари,  тарбиясизлар-у одоб-ахлоқсизликнинг ҳадди аълосига етганлар ҳар лаҳзада ёшларнинг онгу шуурига чанг солаётир).

Ёшларимизга миллатимизнинг фазилатини ўрганиш учун нималар қилдик?

Бундай қарасангиз, бизда ҳамма ёшлар тарбияси билан машғул, боғча, мактаб, маҳалла, ҳуқуқ тартибот органлари, Маънавият ва маърифат маркази, имом-хатиблар, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар...

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида ёшлар тарбияси билан бунчалик кўп тузилма шуғулланмайди.

Аммо бизнинг тарбия ёки таъсир кўрсатиш усулимиз қанақа? Энг кучли тарғибот қуролларидан бири саналган телевидениеда ёшлар тарбиясига бағишлаб бир кўрсатув ёки суҳбат ташкил қилинади. Унда зиёлилар, ҳаётий тажрибаси кўп одамлар, педагоглар, руҳиятшунослар жон куйдириб гапирадилар. Кейин эса уларнинг айтганларини тўла-тўкис инкор қиладиган хорижий сериал намойиш этилади ёки маҳаллий-хорижий хонанда енгил-елпи кийиниб чиқади-да, қилпиллаб қўшиқнамо нарса куйлайди.

Бир йили Бўстонлиққа қайсидир лагерга боргандик. Спорт мусобақаси ташкил қилинган экан. Телевизорга чиқиб турадиган (ўзларининг таъбирича “машҳур”) бир аёл хонанда келади, деган гап чиқди.  Ўша куни кечгача болаларнинг кўзи унинг йўлида бўлди. Кечки пайт битта машинада икки эркак, ва алламбало кийинган икки аёл келди. Ёнидаги дискини қўйиб уч-тўртта қўшиқ айтгандек бўлди. Лагер тарбияланувчилари – ўғил болалар ва қизлар ёшига ярашмаган қилиқлар қилиб рақсга тушишди. Кейин кечки таом тортилди. “Санъаткор”лар болаларнинг кўз ўнгида машинасидан ароқ олиб келиб  ичишди, ҳар хил гапларни гапиришди ва бугун дачада қоламиз деб чиқиб кетишди.

Ёшлар иштирокида ўтган бошқа йиғилишлар ҳам, аксаран, қўлбола юлдузлар иштирокидаги мусиқий дастур билан ниҳоясига етиши расм бўлди.  Яъни, бир соат давом этган тарбиявий соатни “юлдуз”чалар бир дақиқада йўққа чиқаради.

Эркак ҳамияти – аёл иффати

Аёлларни бундай нохушликларга қўл уриши эркакларнинг ҳамияти пасайиб бораётганига ҳам далолат қилади. Эркак аёлини, опасини, синглисини унчалик рашк қилмай қўйди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “Шамчироқни ўчиринглар, бегонанинг нигоҳи Фотиманинг соясига тушмасин”, деган эканлар.

Ана ўша адашган қизнинг оиласида бешта эркак бўлган. Улар қизларига эҳтиёт бўлганида, уни асраб-авайлашганида, бегона кўзлардан ҳимоя қилганида шу ҳодиса юз берармиди?

Юқоридаги мақолада мисол келтирилганидек,  “Очиқ айтсак, одамларни тарбиясига Ислом нур эканлигини сингдиролмадик. Фожиамиз мана шу ерда” (Президент Шавкат Мирзиёев нутқидан).

Бинобарин. ота-она, ака-ука Исломни тушунганида ўтиш даврида бўлган қизини асло ёлғиз қолдирмас эди, Агар қизнинг номусига теккан амакиваччаси Исломни билганида бундай катта гуноҳга асло қўл урмаган бўларди. Агар қизнинг ўзи... Дарвоқе у – жабрланувчи. Унинг гуноҳи – топталган номуси эвазига пайдо бўлган болани ҳожатхонага ташлаб юборгани. Яъни тирик жонга қасд қилди.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 2517 times
Tagged under

Мақолалар

Top