Мақолалар

Дунёдаги 10 та энг заҳарли жонзотлар

Дунё гўзал ҳайвонлар ва ҳашаротларга тўла, аммо уларнинг гўзалликлари ортида инсонларга ва бошқа жонзотларга нисбатан ўлим хавфи яшириндир. Кўпчилигимиз дунёда энг ҳалокатли ҳайвонлар қайсилар эканини билмаслигимиз мумкин. Келинг, дунёдаги энг заҳарли жонзотларнинг ўнтаси билан танишиб чиқайлик. Рўйхатни “10-ўриндан 1-ўринга” услубида бердик.

Тошбалиқ

Тошбалиқ – балиқларнинг энг заҳарли туридир. Йиртқичлардан ҳимояланиш учун ишлаб чиқариладиган заҳар балиқнинг умуртқа поғонасида жойлашгандир. Ушбу балиқнинг заҳари шок, фалажлик ва тўқималар ўлиши билан кечувчи кучли оғриқни келтириб чиқаради. Агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, оқибати ҳалокатли бўлиши мумкин.

Мармарли чиғаноқ – конус

Денгиз чиғаноқлари ичида энг хавфлиси мармарли чиғаноқ – конусдир. У ташқаридан чиройли кўриниб, ўзига жалб қилади. Бироқ заҳарининг бир томчиси 20 та одамнинг ўлимига сабаб бўлади. Ушбу чиғаноқнинг чақиши сабабли кучли оғриқ, шиш, уйқучанлик, охир-оқибатда фалажлик ва кислород етишмаслиги юз беради. Унинг заҳарига қарши чора топилмаган.

Бананли ўргимчак

Бу ҳашарот жуда кўп ўлимга сабаб бўладиган, ўта заҳарли жонзотлардан биридир. Ўргимчак кўп ҳолларда ҳаракатда бўлади ва кўпинча уйларга ҳамда машиналарга кириб олади. Бразилия банан ўргимчаги ўта заҳарли бўлиши билан бирга жуда тажовузкордир. Бу ўргимчак банан ичига тухум қўйишни афзал кўради ва шу тариқа бутун дунё бўйлаб тарқалади. Кўпинча 10 ёшгача бўлган болалар ушбу ўргимчак қурбонига айланадилар.

Мовий ҳалқасимон саккизоёқ

Ушбу денгиз жонивори Австралиянинг қирғоқбўйи сувларида яшайди. У голф коптоги катталигидек бўлиб, заҳари шу қадар кучлики, бир неча дақиқада тахминан 25 нафар ўрта ёшли кишиларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Агар саккизоёқ чақишидан кейин дарҳол тиббий ёрдам кўрсатилмаса, жабрланган одам уйқусирай бошлайди, гапириш ва кўриш қобилияти бузилади. Нафас олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Ундан кейин вазият тўлиқ фалажлик ва ўлим билан якун топиши мумкин.

Қора бева

Қора бева – жуда хавфли ўргимчакдир. Ушбу ўргимчакнинг бир грамм заҳари ўрта ёшли 10 кишининг ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Агар дарҳол тиббиё тез ёрдам кўрсатилмаса, бир сутка ичида инсон ҳалок бўлиши мумкин. Бу ўргимчакнинг урғочиси ўта заҳарли бўлади.

Древолаз қурбақаси

Древолаз қурбақасининг катталиги атиги 5 сантиметр бўлса-да, аммо у энг заҳарли жонзотлардандир. У Марказий ва Жанубий Американинг ёмғирли нам ўрмонларида яшайди. Ташқи кўриниши рангбаранг, ўзига тортадиган бўлгани билан аслида унинг заҳари 15-20 нафар ўрта ёшдаги кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Заҳарни қурбақанинг териси ишлаб чиқаради. Қадим замонларда маҳаллий қабилалар бу заҳардан ўқларнинг учларига суртишда фойдаланишган экан.

Тайпан

Тайпан ёки шафқатсиз илон – илонларнинг энг заҳарлиси бўлиб, оддий кобрага қараганда унинг заҳари 300-400 марта кучли. Унинг заҳари туфайли 100 нафар ўрта ёшдаги киши ҳалок бўлиши мумкин. Агар ушбу илон чақишидан сўнг дарҳол заҳарга қарши чора кўрилмаса, жабрланган киши 45 дақиқа ичида вафот этиши мумкин.

Лейурус чаёни

Кўпинча чаёнларнинг заҳари ўлимга олиб келмай, оғриқ, уйқу чақирувчи ва шишга сабаб бўлувчи бўлади. Бироқ ўта хавфли турдаги чаёнлар ҳам бор. Бу лейурус чаёнидир. Унинг заҳари чидаб бўлмас оғриқ, иситма, кома, фалажлик ва ўлимга олиб келувчи кучли нейротоксиндир.

Қироллик кобраси

У сайёрадаги энг заҳарли илон ҳисобланмасада, аммо унинг бир чақиши битта одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки у бирданига кўп заҳар чиқариш хусусиятига эга. Ўзидан ана шундай кўп заҳар чиқарган пайтда филнинг ҳалокатига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ушбу илон бошқа илонларни ҳам ейиши мумкин. Унинг яшаш ва ов қилиш ҳудуди – Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёдир.

Кубомедуза

Осиё ва Австралиянинг денгиз сувларида энг хавфли жонзотлардан бири – кубомедуза яшайди. У куб шаклида бўлгани учун шу номни олган. Узунлиги 15 сантиметрга етадиган пайпаслагичлар ичидаги ҳужайралар «куйдирувчи» суюқлик — заҳар ишлаб чиқаради. Пайпаслагичлар медуза танасидаги тўртта бурчакнинг ҳар бирида тахминан 15 тадан жойлашган. Унинг заҳари дунёдаги ҳар қандай илонникидан кучли экан. Пайраслагичларга тегиб кетган одамнинг асаб толалари нейротоксинлар билан шикастланади. Тери, тўқималар бузилиши, қон томирлар орқали юракни ишдан чиқариши натижасида инсон қисқа муддатда ҳалок бўлиши мумкин. Унинг заҳари 4 дақиқа ичида 60 та одамни заҳарлашга етар экан. Медуза жуда жозибали кўринади. Аммо бу жозиба ортида жуда даҳшатли хатар бор. Унинг чақиши шу қадар кучлики, чўмилаётган одам унинг заҳаридан жабрланса, дарҳол чўка бошлайди ёки юраги қаттиқ шок ва оғриқдан тўхтайди. Агар медуза чаққанидан кейин дарҳол таъсирланган жой сирка кислотаси билан муолажа қилинса, у ҳолда одам омон қолиши мумкин.

 

Аллоҳ таоло барча ишни ҳикмат билан қилади. У Зот ҳикматсиз бирор иш қилишдан покдир! Зикр қилинган жонзотларни ҳам У Зот улкан ҳикмат билан яратгандир. Уларнинг ҳар бирини ўз муҳитига мослаб, ҳимояланиш аъзолари билан яратган. Заҳар чиқариш ана шу ҳимояланиш воситасидир. Улар заҳар орқали ов қилади, душманларидан қутулиб қолади. Нимани яратиш, қачон ва қаерда яратиш, қандай шаклда яратишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَيَخْتَارُ

“Раббингиз Ўзи истаган нарсани яратур ва (хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур” (Қасас сураси 68-оят).

Аллоҳ таоло барчамизга яратган нарсалари борасида тафаккур қилиб, иймонимиз нури янада зиёда бўлишини насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 6952 times

Мақолалар

Top