Хотиржамлик – инсон орзу қилиб, Аллоҳ таолодан сўрайдиган, эришишга уринадиган, қўлга киритиш учун талпинадиган улкан неъматлардан биридир. Банданинг қандай қилиб ташвишу ғамлардан қутулиб, хотиржамликка эришиши Ислом динида аниқ қилиб кўрсатиб берилган.
Қуръон қандай қилиб саодатни юзага чиқаришини, қандай қилиб хотиржамлик, сокинлик ва покиза ҳаётни жалб қилишини кўзингиз билан кўриб, қулоғингиз билан эшитиб, қалбингиз билан ишонишингиз учун қуйидаги оят ва ҳадисни диққат билан ўқинг. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا
“Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар” (Тоҳа, 123-124).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсири борасида шундай деганлар: “Аллоҳ Қуръонга эргашган ва ундаги нарсаларга амал қилган кишига дунёда залолатга кетмаслигига, охиратда бахтсиз бўлмаслигига кафил бўлди”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бандага бирор ғам ва маҳзунлик етганда, “Аллоҳумма инний абдук. Ибну абдик ва ибну аматик. Наасиятий биядик. Мозин фиййа ҳукмук. Адлун фиййа қозооук. Асъалука бикуллисмин ҳува лак. Саммайта биҳи нафсак. Ав анзалтаҳу фий китабик. Ав алламтаҳу аҳадан мин холқик. Ав истаъсарта биҳи фий илмил ғойби индак. Ан тажъалал Қуръана робийъа қолбий ва нуро содрий ва жалааъа ҳузний ва заҳааба ҳаммий” деса, Аллоҳ у банданинг ғамини ва маҳзунлигини кетказиб, ўрнини енгилликка, шодликка алмаштириб қўяди”.
Ушбу ҳадисдаги дуонинг арабча матни қуйидагича:
اللَّهمَّ إنِّي عبدُكَ، وابنُ عبدِكَ، وابنُ أمتِكَ، ناصِيتي بيدِكَ، ماضٍ فيَّ حُكمُكَ، عدلٌ فيَّ قضاؤُكَ، أسألُكَ بِكُلِّ اسمٍ هوَ لَكَ، سمَّيتَ بهِ نفسَكَ، أو أنزلتَهُ في كتابِكَ، أو علَّمتَهُ أحدًا مِن خلقِكَ، أوِ استأثَرتَ بهِ في عِلمِ الغَيبِ عندَكَ، أن تَجعلَ القرآنَ ربيعَ قَلبي، ونورَ صَدري، وجلاءَ حُزْني، وذَهابَ هَمِّي
Дуонинг таржимаси:
“Эй Аллоҳ! Мен сенинг қулингдирман. Қулингни ўғлиман. Чўрингни ўғлиман. Пешонам сенинг қўлингдадир. –яъни мен сенинг ҳукминг остидадирман- Ҳукминг менинг –устимда- жорийдир. Менинг устимда қилган қазоинг адолатдир. Сен ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган, ёки халқингдан бировга билдирган, ёки сенинг ҳузурингда, ғайб илмингда беркитиб қўйган ҳар бир исмларинг билан сендан Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, ва хафалигимни жилови, ғамимни аритгувчи қилишингни сўрайман”.
Азизлар, Қуръонга тўлиқ амал қилиб, мазкур ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрайлик! Ана шунда қалбимиз ҳам, уйимиз, маҳалламиз ва бутун ҳаётимиз хотиржамликка бурканади.
Аллоҳ таоло бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хотиржамликни ато этсин!
“Ҳадис ва Ҳаёт”нинг 30-жузи ва Доктор Шариф Фавзий Султоннинг
“Қуръонга амал қилиш – саодат йўлидир” номли мақоласидан
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади