Мақолалар

Зокир банданинг имтиёзлари

Аллоҳ азза ва жаллани ёдда тутувчи зокир ўзига неъмат етса, бу унинг Аллоҳга бўлган яқинлиги ва шукрини зиёда қилади. Чунки у ўзига бу марҳаматни кўрсатган Аллоҳ эканини ва бир оздан кейин ушбу неъмат кетиб қолишини билади. У ўзига офият ва куч-қувват берилса ҳам унинг Аллоҳ таолога бўлган қурбати зиёдалашиб боради. Ҳўп, шундай экан, ўзимизнинг ожизлигимизни билишимиздан бизларни неъматлар тўсиб қўймаслигининг йўли қандай?  Бунинг йўли Аллоҳни зикр қилишингиздир.

Ғофил инсон ҳам неъматлар денгизига ғарқ бўлиб, бўғзигача тиқилиб яшайди. Лекин сен Роббинг субханаҳу ва таолони зикр қил ва Унга бўлган бандалигингни эсла! Шунда барча хатарлар тарқалиб йўқ бўлади. Шу тарзда Аллоҳни зикр қилишимиз биз учун қийин ишми? Йўқ, Аллоҳга қасамки,  ундай эмас. Айтаётган ушбу сўзимнинг тасдиғига эътибор беринглар. Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг барча саҳобаларини тимсоли бўлган. Аллоҳ у кишини кўпдан кўп неъматларга тўлдириб ташлаган. У кишига Форс давлатининг барча хазиналари келтирилган эди. Шундай эмасми?! Бу нарсалар Қорунни маст қилгани каби у кишини ҳам маст қилганмиди? Йўқ асло. Бу нарсалар у кишининг Аллоҳга бўлган қўрқинчини ва Унга мухтож  эканлигини ҳис қилишни зиёда қилган эди.

Қодисия жангидан кейин у кишига Кисро хазиналари  келтирилганида саййидимиз Умар йиғладилар ва айтдиларки: “Аллоҳим ўзинг биласан банданг ва Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан яхши бўлган. Ҳолбуки у кишига бу нарсаларни бермадинг. Ва яна ўзинг биласан Абу Бакр ҳам мендан яхши эди. Унга ҳам буларни бермаган эдинг. Аллоҳим мен сендан ушбу нарсаларнинг барчасини мен учун динимда синов қилмаслигингни сўрайман. Эй Роббим уларни мен учун динимда синов қилмагин!”

 

Муҳаммад Саъид Рамазон ал Бутий

Тошкент шаҳар “Кўкча оқтепа” масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

 

Read 2698 times

Мақолалар

Top