Мақолалар

Эътиқод масаласида баҳслашишдан сақланинг

Ислом динининг аҳли сунна вал жамоа йўналишида тўртта машҳур мазҳаб бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бизнинг диёримиздаги мусулмонлар ҳанафий мазҳабига амал қиладилар.

Ҳанафий мазҳабининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда одамларнинг урф-одатлари шариат қонуни даражасига кўтарилган. Яъни, ислом асосларига зид бўлмаган урфни шаръий далил деб баҳолаш Ҳанафий мазҳабига хосдир. Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ яшаган Куфа шаҳри аҳолисининг ижтимоий ҳолати Мовароуннаҳр шароитига деярли мос келар эди. Шунинг учун ҳам ибодат ва ижтимоий масалаларда Ҳанафий мазҳабига амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлган. Қолаверса, имомимиз – Ҳазрат Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ саҳобалар яшаган замонда таваллуд топиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан тўққиз нафарини кўрганлар. Улар билан мулоқотда бўлганлар. Ўзлари тобеъинлар қаторига киришлари билан саҳобалар ва тобеъинларнинг мақомлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замонларнинг энг яхшиси – менинг замоним. Менинг замонимдан кейин саҳобаларимнинг замони, ундан кейин саҳобаларимни кўрган тобеъинлар яшаган замондир”, деб олқиш олган замонларнинг бирида яшаганлар.

Имом Аъзамнинг илмлари нақадар юксак бўлганини бошқа мазҳаб соҳиблари ҳам эътироф этишган. Жумладан, Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ: “Одамларнинг ҳаммаси – барча олимлар Қуръон-у ҳадисни англаш ва фиқҳ илмида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга қарамдир. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан рақобат қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”, деганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: “Мен ҳадис илмини билишда Имом Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”, - деганлар.

Бугунги кунда Ҳанафий мазҳаби таълимотларидан тўлиқ хабардор бўлмаган, илмсизлиги туфайли Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ нинг мартабаларини билмасдан, у зотнинг шахсиятларига ва мазҳабларига нисбатан таъна қилувчи баъзи бир кишилар ҳам орамизда йўқ эмас. Аммо бу мазҳабни атрофлича ўрганиб чиқилса, бундай нотўғри фикрлар ўз-ўзидан барҳам топади. Ривоят қилинишича, Ҳазрат  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларидан бўлмиш замонасининг етук уламоси Имом Боқир раҳимаҳуллоҳга Имом  Аъзам раҳимаҳуллоҳ ҳақларида бўлмағур гаплар етказилади. Шунда у киши дарғазаб бўлиб имом Аъзам олдиларига келадилар ва: “Эшитишимча,  сиз бобомнинг динини ўзингизнинг раъйингиз билан бузаётган эмишсиз”, дейдилар. Шунда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ  у зотни таниб, ҳурматларини бажо келтириб, иззат-ҳурмат билан уйларининг тўрига ўтказадилар. Бир неча соат давом этган баҳс мунозарадан сўнг Имом Бокир раҳимаҳуллоҳ Имом Аъзам мазҳаблари Қуръон ва суннатга мувофиқ, унга заррача ҳам хилоф эмаслигини англаб, Ҳанафий мазҳаби ҳақида айтилаётган бўлмағур гапларнинг барчаси бўҳтон эканлигини эътироф этадилар. Маълумки диёримиз уламолари ҳам мусулмонларни шу мазҳаб йўлида юришга тарғиб этиб келганлар. Ўтмиш аждодларимиз ҳам уламоларга эргашган ҳолда ибодат ва муомалот масалаларида айнан шу мазҳабга амал қилиб келганлар.

X-XII милодий асрларда фиқх соҳасида қатор фақихлар етишиб чиқдилар. Хусусан, Имом Бурҳониддин Марғиноний  12 асргача фиқх соҳасида тўпланган илмий ютуқлар ширасини ўз ичига олган “Ҳидоя” асарини ёзганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари мақоми беш даражага бўлинса, булар орасида Мовароуннаҳр фақиҳлари Имом кархий, Шамсул-аимма ас-Сарахсий,  Шамсул-аимма Ҳалвоний, Фахрул ислом Баздавий каби қатор уламолар иккинчи даражада турадилар.

Илм-фан ва маданий тараққиёт барқ уриб бораётган, мусулмонлар ақида бобида “Аҳли Сунна вал-Жамоа”га, ибодатда Ҳанафий мазҳабига амал қилиб келаётган бир пайтда VIII-X асрларда исломда турли фирқалар пайдо бўлди.

Жабария, Қадария ва Мўътазила фирқалари шулар жумласидан бўлиб, улар мусулмонларнинг бирлигига, давлатнинг барқарорлигига ўзининг салбий таъсирини ўтказа бошлади. Айниқса, Мўътазила мазҳаби кишилари Аббосийлар давлати намоёндалари бўлмиш Ал-маъмун ибн Хорун ар-Рашид (198-218 ҳ.), Ал-муътасим биллоҳ (218-227 ҳ.) ва Ал-Восиқ Биллоҳ (227-232 ҳ.) даврларида ҳокимият тепасига келиб кўпгина уламоларнинг бошига оғир синов ва қийинчиликларни солганлар,  уларни ўзларининг бузуқ эътиқодларига бўйсундиришга ҳаракат қилишган, авом халқни соф ислом ақидасидан чалғитишга уринишган.

IX асрда мазкур оқимлар, шу жумладан, Мовароуннаҳрга ҳам кириб келган, уларнинг эътиқодий қарашлари ерли мусулмонлар ўртасида тарқала бошлаган. Шу вақтда яшаб ўтган ватандошимиз Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари мана шундай шароитда “Аҳли Сунна вал-Жамоа” эътиқодини Қуръон ва ҳадис асосида яна бир карра йўқлаб, соф ислом ақидасини мазкур фирқаларнинг таъсиридан ҳимоя қилган. Шунингдек улар Ҳанафий мазҳаби негизида шаклланган таълимот ва асарлари билан Мовароуннаҳр мусулмонларининг ақидавий бирлиги сақланиб қолишига катта ҳисса қўшганлари, бу барчамизнинг бахтимиздир. Имом Мотуридий хусусан, тақлидий имонни эътироф этиш билан Имом Аъзамнинг фикрларини амалда қўллаганлар. (Мулла Али Қорининг “Фиқҳул Акбар”га шарҳи). Яъни, ислом дини таълимотида эътиқод қилиниши лозим бўлган нарсаларга ишониш билан киши мўмин бўлади. Ҳар бир имон келтирилган нарсага ақлий далил орқали ишонч ҳосил қилиш шарт эмас. Аммо, мўътазила мазҳаби ақидасида эса, эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсани, жумладан, Аллоҳнинг илми, қудрати, фаришталарнинг ҳақлиги, Пайғамбарларнинг маъсум экани, қабр азобининг ҳақлиги ва ҳоказоларни ақлий далил асосида исботлаб бера олмаса ундай кишини мўмин дейилмайди.

Бундай масалаларда тортишиш, исбот талаб қилиш ғулувга кетиш билан баробар бўлиб, динимиз бу каби ишлардан бизларни қайтаради. Шу ўринда бир ривоятни келтириш ўринли. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, икки киши ўзаро тортишиб қолиб, улардан бири Қуръонни “махлуқ”, иккинчиси эса: “махлуқ эмас” деди. Ушбу можарони ҳал қилиш учун Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига келтиришганда у зот: “Иккисини ҳам ҳузуримдан ҳайданг ва бундан кейин уларнинг орқасида туриб намоз ўқиманг” – дедилар. Шунда Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Қуръонни махлуқ” деганнинг орқасида намоз ўқиш мумкин эмаслигини тушунамиз, чунки у бидъатчи, аммо “Қуръон махлуқ эмас” деганнинг орқасида нима учун намоз ўқиб бўлмайди?” – деб сўрадилар. Имом Аъзам: “Чунки у бидъатнинг юзага келишига сабабчи бўляпти” – деб жавоб берган эканлар.

Демак, эътиқод масалаларида баҳслашиш бидъат ишлардан ҳисобланиб, инсонлар орасида келишмовчиликларни юзага келишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Шундай экан, бизлар ҳам ўзимизда чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Ҳозирги кунда баъзи ўзини олим деб ҳисоблаган шахслар ёки гуруҳлар томонидан ислом ҳукмларига эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!

Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш шунингдек, интернет орқали Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига зид бўлган фатволарга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради.

Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб бизгача етказдилар. Эндиликда бизлар ҳам диннинг мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга асл ҳолича етказишга ва Аллоҳ таоло бизларни мўмин аждодларимиздек ҳаёт кечиришга, ўзаро аҳилликда яшашга муваффақ қилсин.

 

 

Муҳаммадали Каттабоев, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

Read 3212 times

Мақолалар

Top