Мақолалар

ҒАЗАБНИ ИЧГА ЮТИШ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

 

“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Роббимиз “ғазаб қилмайдиганлар” демади, балки, “ғазабини ютадиганлар” деди. Ҳаммаям ғазабланади. Ғазаб ҳаммада бор. Ғазаб инсон табиатида бор нарса. Ўз ўрнида ғазабланиш ҳам керак, ҳатто шарт бўлади. Масалан, Аллоҳнинг дини, шиорлари масхара қилинаётган пайтда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ғазабланар эдилар. Аммо у зот алайҳиссаломнинг ғазаблари Аллоҳ учун бўларди, ўз нафслари учун эмас. У зот агар ғазаблансалар, юзларини тескарига ўгириб, бурилиб олардилар. Агар хурсанд бўлсалар, кўзларини пастга қаратиб олар эдилар.

У зот алайҳиссалом “Курашда енгган кучли эмас. Кучли деб ғазаби келганда ўз нафсига эгалик қила олган кишига айтилади” деганлар. Муттафақун алайҳ.

Аммо ноўрин ғазабланишдан, шариатимиз таъқиқлаган ғазабланиш пайтида ғазабни ташқарига чиқаришдан қайтарилган.

Оятда мақталаётганлар ана ўша ғазаби келганда ўзини тутиб олган, ғазабини ташқарига чиқармаган, ғазаби келиб турса ҳам, бошқаларга сездирмаган, уларга гўзал ва юмшоқ муомала қиладиганлардир. Бундай инсонлар муҳсинлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни яхши кўришини эълон қилмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу оятда айтилганидек, нафақа қиладиган, ғазабини ичга ютадиган ва кечиримли бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3725 times

Мақолалар

Top