Мақолалар

АЗОН ТИНГЛАГАНДА БАЖАРИЛАДИГАН 5 АМАЛ
  1. Азон эшитган киши муаззин айтган калималарни қайтаради. Азонни эшитган мусулмон киши уни диққат билан тинглаши ва муаззин жумлани тугатиши биланоқ уни ичида такрорлаши лозим.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Муаззин “Ҳаййа ъалас солаҳ” ва “Ҳаййа ъалал фалаҳ” деганида эса “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” деб айтиш.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса ҳамда “ҳаййа ъалал”ларда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата” деса жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Муаззин “Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ” лафзини айтганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки муаззиннинг овозини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринг, сўнгра менга салавот айтинг. Зеро, ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди (Имом Муслим ривояти).

 

 

 

 

  1. Азон тамом бўлгач ушбу дуони ўқиш:

اللَّهُمَّ رَبِّ هَذهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاةِ القائِمةِ، آتِ مُحَمَّداً الوَسِيلَةَ والفَضِيلَةَ وابْعَثْهُ مَقاماً محموداً الذي وَعَدْتَهُ

“Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ”

“Аллоҳим! Эй ушбу етук чақириқниг, ҳозир бўлиб турган намознинг Робби! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга васила ва фазилатни ато эт. У зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказ”.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Муаззинлар айтган калималарни айт, қачонки охирига етсанг, сўра, берилади” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Сўнгра ушбу дуони қилиш:

أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

رَضِيتُ بِاللَّهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا

“Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин расулан ва бил Ислами дийнан”

“Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳни Робб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар, Исломни дин деб рози бўлдим” (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Аллоҳ таолодан авф ва офият сўраш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: "Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди", дедилар. Шунда саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деб дуо қилайлик?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолодан дунё ва охират офиятини ва авфини сўранг", дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 
Read 7800 times

Мақолалар

Top