Мақолалар

НЕГА ШУНАҚА ЭКАН?!

- Тўйни дабдабали қилишда мусобақалашиб, келин-куёв юрадиган машинани фалон пулга ижарага оладиган, дастурхонга ейилсаю ейилмаса, одамлар кўрсин учун деярли барча таом ва нозу неъматларни қўядиган, артистлар, раққосалар устидан пул сочадиган, пулдан чамбарак ясаб, тўй бошиларнинг бўйнига осиб қўядиган, тўйини фалон пулга тўйхоналарда қиладиганларни;

 

- Машинасини тез ҳайдаб, мусиқани ташқаридагилар эшитадиган даражада баланд қўйиб, ҳаммани ўзига қаратишга уринадиганларни;

 

- Залга бориб, тош кўтариб, тор футболка кийиб, шишган билакларини ҳаммага кўрсатишга интиладиганларни;

 

- Кўпчилик орасида кийимини, соатини, браслетини, машинасини фалон пулга олганини баланд овозда айтиб, айтганда ҳам гўё арзонга олгандек, ўзини ўша нархга нисбатан эътиборсиз тутиб гапирадиганларни;

 

- Кийимидан мусулмонлик, ўзбеклик асари ҳеч кўринмайдиган аёл-қизлар жамоат жойларида «ҳамма мени кўрсин, эркакларнинг мазаси қочсин» дея юриб, юрганда ҳам худди ўзини жиноят содир этмаётгандек, сипо кийингандек тутадиган, ўз либосининг фалокатли эканига нисбатан «эътиборсиз қиз» режимини ёқиб оладиганларни ҚЎЛИДАГИ ЎЙИНЧОҒИНИ ЎРТОҚЛАРИГА КЎРСАТИБ МАҚТАНАЁТГАН ЁШ БОЛАЧАГА ЎХШАТАМАН.

Мўмин-мусулмон одам айтаётган гапига, қилаётган амалига эътиборли бўлиши, буларнинг ҳар бири учун охиратда сўроқ-саволи борлигини бир лаҳза ҳам эсидан чиқармаслиги керак!

Бизнинг бу дунёда қилган барча ишларимиз ҳақида охиратда тилимиз эмас, тана аъзоларимиз гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

الْيَوْمَ نَخْتِمُ عَلَى أَفْوَاهِهِمْ وَتُكَلِّمُنَا أَيْدِيهِمْ وَتَشْهَدُ أَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ

“Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Жиноятчиларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади, бошқа аъзолари шоҳидлик бера бошлайди. Қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.) (Ёсин сураси, 65-оят).

Сиз қандай кийиняпсиз, нималар деяпсиз, қандай амал қиляпсиз, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳар бирига жавоб берасиз. Агар қабрдаги ва охиратдаги саволларга қийналмасдан осон жавоб беришни истасангиз, охиратда ўта оғир аҳволда қолиш истамасангиз, шунга яраша ҳаракатингизни қилинг!

Гуноҳларнинг барчасидан тийилиб, тавба қилиб, зиммангиздаги барча амалларни ўз вақтида бажаришга, намозни ўз вақтида адо этишга, солиҳ амалларни кўплаб қилишга интилинг!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2887 times

Мақолалар

Top